Германия мамлакатга кириш учун талабларни кучайтирди
Фото: Reuters
Янги тартибга кўра самолётга чиқишдан олдин барча йўловчилар парвоздан 48 соат олдин коронавирусга топширган тестининг натижасини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.
Бунга қадар бундай ҳужжат фақат ёмон эпидемиологик ҳудудлардан келаётган саёҳатчилардан талаб қилинаётган эди. Манбада қайд этилишича, бу қоидалар 30 март ярим тундан кучга киради.
Бундан ташқари, тақдим этиладиган ҳужжатлар немис ёки инглиз тилида бўлиши керак. Федерал полиция ва соғлиқни сақлаш ходимлари ҳужжатни текширишади. Бундай тартиб 12 майга қадар амалда бўлади.
Олдинроқ Германия канцлери Ангела Меркел мамлакатда коронавируснинг учинчи тўлқини кузатилаётганини айтиб ўтган эди.
«Ҳозир биз учинчи тўлқиндамиз, яна янги ҳолатлар сони экспоненциал ўсиши кузатилмоқда», деган эди у.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Германияда пандемия бошидан бери 2,7 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан зарарланган, инфекция асоратларидан 75 мингдан ортиқ одам вафот этган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг