Геология-қидирув захираларини ўстириш барқарорликнинг муҳим омили
Темур ЭШБОЕВ/ “Халқ сўзи”. Ўз маҳсулотини тўласича экспортга йўналтирган ягона корхона “Навоийуран” фаолиятида геология-қидирув ишларини самарали олиб бориш орқали янги истиқболли уран конларини излаб топиш ва захираларни ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Боиси мустаҳкам хом-ашё базасигина корхона фаолияти барқарорлигининг гаровидир.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ 2024 йил учун “Уран минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури” ишлаб чиқилиб, корхона тасарруфидаги “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг “Нурота” (Зафаробод, Конимех, Томди), “Бўкантау” (Учқудуқ, Томди, Зарафшон), “Зирабулоқ” (Нуробод, Зиёвуддин) геология-қидирув экспедицияси ва Геология-қидирув партия (Зафаробод, Конимех, Томди) ларига уранга бой истиқболли ҳудудларини ўрганиш, шунингдек, башорат-тематик лойиҳалар доирасида олиб бориладиган ишлар янги истиқболли майдонларни аниқлаш вазифалари белгиланган.

— Экспедиция геолог ва мутахассислари томонидан жорий йилда “Бўкантау” ГҚЭ томонидан бурғилаш ишлари ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 30 фоизга оширилди, — дейди “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий ишлаб чиқариш маркази (ИИЧМ) директори Зафар Раҳимов. — Марказимизга қарашли “Зирабулоқ” геология-қидирув экспедицияси фаолиятида эса йил якуни билан ўсиш ўттиз беш, шунингдек, “Нурота” геология-қидирув экспедицияси ҳаракати билан ўттиз фоизга оширилиши кутилмоқда. Натижада ГҚЭда башорат ресурслари ва уран захираларини ўстириш таъминланади. Бу ўз-ўзидан корхона маҳсулотлари экспорти географиясининг янада кенгайишига замин яратади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг