Гендер тенглиги — жамият тараққиётининг гарови

21:47 01 Март 2022 Жамият
1528 0

2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида мамлакатимиз Президенти дунё ҳамжамияти эътиборини гендер тенглиги масаласига қаратаркан, республикамизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий фаоллигини янада оширишнинг барча соҳаларда таъсирчан институционал механизми яратилди.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз парламентида хотин-қизлар сони ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Таҳлилларга кўра, республикамиз парламенти хотин-қиз депутатлари сони бўйича дунёдаги 190 та парламентлар ўртасида 37-поғонага кўтарилди. Ҳолбуки, бундан етти йил илгари бу жабҳада мамлакатимиз 128-ўринда турарди. Бундай кескин ижобий ўзгаришлардан парламент сайловлари шунчаки ўтказилмагани, «Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» шиори ҳаётда бевосита ўз аксини топганини англаш жоиз.

Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» Қонуни 16-, 17-моддаларида Давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни, жумладан, Давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этишини таъминлаш мустаҳкамлаб қўйилган.

Буни Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали ўтказилган очиқ мустақил танловларда биргина Навоий вилояти бўйича ғолибликни қўлга киритган 439 нафар номзодларнинг 66 нафари ёки 15,3 фоизи хотин-қизлар эканлигида яққол кузатиш мумкин.

Қонунда белгиланганидек, Давлат органларининг кадрлар хизматлари томонидан танлов комиссияларига нафақат танловда иштирок этаётган шахсларнинг маълумоти ва касбий тайёргарлиги тўғрисидаги маълумотлар, балки давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиб келинмоқда.

Бугунги кунда Навоий вилоятидаги давлат фуқаролик хизмати жорий этилган давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган 4440 нафар давлат хизматчиларининг 826 нафарини ёки 18,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат хизматчилари лавозимларини эгаллаш учун кадрлар захирасини шакллантириш, уларнинг хизматда кўтарилиши хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланган ҳолда амалга ошириляпти.

Хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида ота-оналарнинг муносабати ҳамда уларни олий таълим билан қамраб олиш имкониятини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, талаба қиз турмушга чиқса, ўқишни давом эттириши учун уни қўллаб-қувватлайдиган оилавий муҳит бўлсаку яхши, аммо «ўқиб нима қиласиз», дейдиган оилага келин бўлса, аҳволни тасаввур қилиш мушкул.

Йиллар давомида тўпланиб қолган шу каби муаммолар, олий таълим муассасаларига ёшларни қамраб олиш кўрсаткичининг бор йўғи 9 фоиз бўлганлиги олий маълумотли, кенг тафаккур ва дунёқараши бор аёлларни тарбиялашда катта тўсиқ бўлди, десак, муболаға эмас.

Шу ўринда, гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий таълим муассасаларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди, шунингдек, хотин-қизлар учун алоҳида давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилмоқда.

Бу тадбирлар тез орада ўз самарасини бериб, аёллар орасидан вазирлар, бошқа юқори лавозимларга муносиб кўрилган раҳбарлар сони янада кўпайишига замин яратади. Айни пайтда фаол ва турли раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар халқимизнинг ишончини оқлаш учун ўзининг бор салоҳиятини ишга солиб, олдига қўйган мақсадларига эришишга ҳаракат қилаётир. Гендер тенгликнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳам аслида шу.

Аброр ЛАТИПОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Навоий вилоят филиали бош инспектори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер