Ғелон ва Сарчашмага бориш янада осонлашади
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Шаҳрисабз туманидаги Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари пурвиқор Ҳисор тоғ тизмалари бағрида, денгиз сатҳидан 2000 метрдан ошиқ баландликда жойлашган. Бу масканлар гўзал табиати, тоза ҳавоси билан бир қаторда, тоғликларнинг турмуш тарзи, неча-неча асрлардан буён давом этиб келаётган анъана ва урф-одатлари, деҳқончилик маданияти, таомлари ҳам ҳар қандай кишини ўзига жалб этиши шубҳасиз.
Шундан келиб чиққан ҳолда сўнгги йилларда Ғелон ва Сарчашма қишлоқларида туризмни ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 декабрдаги «Ғелон« туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарорига асосан, ушбу қишлоқ ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектларни ҳамда муҳандислик инфратузилмаларини барпо этиш белгиланган.
Айни пайтда Ҳисорак қишлоғидан Ғелон қишлоғига олиб борувчи 21 километр узунликдаги ҳамда Ҳисорак қишлоғидан Сарчашма қишлоғига олиб борувчи 12 километр узунликдаги ички хўжалик йўлларини учинчи тоифага мослаб қайта қуриш ишлари бошланган.
Лойиҳага кўра, амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида мавжуд йўлнинг тор қисмлари кенгайтирилади, бу эса транспорт ҳаракати учун янада қулай шароит яратади. Кенгайтириш ҳисобига дарё томонга ҳимоя деворлар барпо этилиши режалаштирилган. Шу қаторда қоятошлардан тош тушишининг олдини олиш мақсадида симли тўсиқ(сетка)лар ҳам ўрнатилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг