Гейдар Алиев портретини яратган бухоролик рассом хонадонида уй-музейини очди

17:36 23 Ноябрь 2023 Жамият
455 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси Бухоро вилояти фахрий аъзоси Аслон Рамазонов қоракўл териси парчалари ҳамда ҳар хил зар иплардан портрет яратиш технологиясини яратган ижодкор саналади. 1986 йилда Москва халқ санъати университетининг дастгоҳли рангтасвир ва графика факультетини тугатган рассом ўттиз беш йилдан зиёд вақт давомида шу технологияни такомиллаштириш устида изланишлар олиб бориб бой тажриба тўплади.

Яқинда рассом ўз хонадонида уй-музей очди. Кўргазмага қўйилган асарлар қаторида тарихий шахсларгина эмас, бизу сиз билан замондош кўплаб таниқли кишилар портретларини кўриш мумкин.

— Ўз фаолиятим давомида давлат буюртмаси асосида ўнлаб таниқли сиёсатчилар, тарихий шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари, фан ва маданият намоёндалари, обрўли инсонларнинг портретларини яратганман, - дейди Аслон ака. — Улар орасида қардош озарбайжон халқининг ардоқли фарзанди Гейдар Алиевнинг портрети ҳам бор. Зар иплардан яратилган бу асар икки – уч ойлик меҳнат натижасидир. Ушбу ижодий ишим икки қардош халқнинг илдизи узоқ йилларга бориб тақаладиган дўстлиги рамзи бўлиб туюлади менга.

Аслон Рамазонов Ғиждувоннинг Лабируд қишлоғида туғилган. Дастлаб Ғиждувон туман, кейин эса Бухоро шаҳри маданият бўлимида фаолият юритган. ЎзФА Бухоро минтақавий илмий маркази тасвирий ва амалий санъат бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган. Кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Қатор танловлар ва кўргазмаларда ғолиб чиққан.

— Қоракўл териси ҳамда зар иплардан портрет яратиш технологияси жуда мураккаб жараён, - дейди 70 ёшни қаршилаган рассом. — У ижодкордан қунт, сабр-тоқат, ўткир нигоҳ ва нозик дидни талаб қилади. Сизга айтсам, кўнгли очиқ, самимий инсонларнинг портретини яратиш мен учун осон кечади.

Аслон Рамазонов асарларини дунёнинг кўплаб музейлари, шахсий коллекцияларда учратиш мумкин. Рассомнинг ўзи билан бевосита мулоқотга киришмоқ истагидаги таниқли шахслар ҳам оз эмас. Шу ҳолатнинг ўзи рассомга ўзига хос ижодий туртки вазифасини ўтайди. Айтмоқчи, қаҳрамонимиз айни кунларда яна бир орзуси рўёби устида ишламоқда. Буюк аждодимиз, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий портретини яратмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер