Ғазода урушни тугатиш бўйича уч босқичли режа таклиф қилинди
Фото: Reuters
Миср расмийлари Ғазо секторидаги урушни тугатиш бўйича уч босқичли режани таклиф қилди. Бу ҳақда “Times of Israel“ газетаси хабар бермоқда.
Аниқлик киритилишича, биринчи босқич икки ҳафталик сулҳ ва 40 нафар гаровга олинганларни озод қилишдан иборат. Бунинг эвазига Исроил 120 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилади. Шунингдек, бу вақтда Исроил танклари олиб чиқилади ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами келади.
Кейин технократик Фаластин ҳукуматини тузиш таклиф этилади. Фаластин маъмурияти ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида келишувга эришилиши кутилмоқда. Қоҳирага кўра, бу Ғарбий Соҳил ва Ғазода технократик ҳукумат шаклланишига олиб келади. У секторни қайта тиклашни назорат қилади.
Учинчи босқич кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш, фаластинлик асирлар эвазига қолган исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил армиясининг Ғазо сектори шаҳарларидан олиб чиқиб кетилишини ўз ичига олади.
Нашрнинг ёзишича, Исроил Миср таклиф қилган режани рад этмаган. Бу эса музокараларга олиб келиши мумкин.
Шу йилнинг 19 декабрь куни Исроил президенти Исаак Герцог Ғазо секторида гуманитар танаффус ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш учун Исроил ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини айтди. Бироқ ҲАМАС Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари туфайли буни рад этди.
“Биз ўз позициямизни тасдиқлаймиз ва Исроил томонидан давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар контекстида асирларни алмашиш бўйича ҳар қандай шаклдаги музокаралар олиб боришни қатъиян рад этамиз”, — деди ҳаракатнинг ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Басем Наим.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг