Ғазо сектори бўйича Европа Иттифоқида умумий позиция йўқ — Жозеп Боррель
Фото: AP
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш масаласида Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида ҳалигача бирлик йўқлигини айтди. Гап шундаки, Европа Иттифоқининг айрим вакиллари БМТда бундай қарорга қарши овоз берди.
“Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммити қарори қандай бўлишини билмайман, лекин, биласизки, БМТда Европа Иттифоқи давлатлари турли ёндашувлар учун овоз беришди. Мен ягона позицияни билдиришим керак, лекин умумий позиция йўқ”, деди Боррель Брюсселдаги Европа саммити чоғида журналистларга.
Унинг эътироф этишича, дунёда тобора кўпроқ давлатлар ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда.
“Ғазодаги вазият гаровга олинганларни озод қилиш ва гуманитар фалокатнинг олдини олиш ва сиёсий ечимни қандай топиш ҳақида ўйлашни бошлайдиган сулҳни талаб қилади”, — деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари.
Олдинроқ, Жозеп Боррель Барселонада ташкил этилган Ўрта Ер денгизи иттифоқ форуми йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Фаластин — Исроил можаро ҳудудидаги вазият ҳақида гапирар экан, у ерда эртага ўлдирилиши мумкин бўлганларга гуманитар ёрдам кўрсатишни маъносиз, деб билишини айтганди.
“Биз тинч аҳолининг азоб-уқубатларини енгиллаштиришимиз керак. Бунинг учун эса инсонпарварлик ёрдами ҳажмини ошириш керак. Лекин эртаси куни ўлдириладиган одамга овқат беришнинг маъноси йўқ”, деганди у.
Боррелнинг қўшимча қилишича, янги қурбонларга йўл қўймаслик учун ўққа тутишни тўхтатиш керак. Унинг қўшимча қилишича, инсонпарварлик ёрдами зарур, аммо бу етарли эмас. Шу ўринда Европа дипломатияси раҳбари томонлар ўртасида узоқ муддатли сулҳ битимини тузишни устувор вазифа, деб билишини билдирганди.
Бунгача Боррель Фаластин давлатининг ташкил этилиши ва унинг Ғазо сектори устидан назорати Исроил учун хавфсизликнинг энг яхши кафолати эканини айтганди.
Унинг фикрича, Ғазо бутун минтақани беқарорлаштириши мумкин бўлган назоратсиз қуролли гуруҳлар қўлига ўтиб кетишининг олдини олиш учун бу ҳудуд ўз халқи вакили бўлган давлат томонидан бошқарилиши керак.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг