Газ таъминотидаги ютуқ ва ечимини кутаётган масалалар ОАВ вакиллари нигоҳида
Фото: “Халқ сўзи”
“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан пресс-тур ташкил этилди.
Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар иштирок этди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Тадбир иштирокчилари дастлаб Жарқўрғон туманида жойлашган 7-, 28-, 31-сонли умумтаълим мактабларида иситиш тизими табиий газ тармоғига улангани ҳамда “Қўштепа” маҳалласида иш бошлаган “Ёшлар” кичик саноат зонасига 1 км газ тармоғи тортиб келиш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишдилар.
— Корхонамизда бир суткада 2000 тонна турли хилдаги ширинликлар тайёрланади. Ишлаб чиқариш соҳасидаги фаолиятимизни самарали ташкил этишда табиий газ таъминоти жуда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир, — дейди дейди “Зебу зар ширин нур” МЧЖ раҳбари Ойбек Ҳазратқулов. — Соҳа вакилларининг тавсияси билан энергия тежамкор ускуна ўрнатилгани боис иқтисодий тежамкорликка эришиб, ортиқча сарф-харажатнинг олди олинмоқда. Хусусан, тежамкор ускуна ёрдамида бир кунда 4-5 миллион, бир ойда эса 120 миллион сўм маблағимиз тежалишига эришиляпти.
Журналист ва блогерлар танишган яна бир объект – Жарқўрғон туманининг “Қораёнтоқ” маҳалласида “Янги Ўзбекистон” массивини табиий газ билан таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Яқинда ушбу массивни газлаштириш учун диаметри 59 мм бўлган 2400 метр узунликдаги табиий газ қувури тортилди.
Маҳалла ҳудудида 16 та қурилиш ташкилотлари томонидан жорий йил якунига қадар 20 та 5 қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 2026 йилга қадар эса 86 та кўп қаватли уйлар, хизмат кўрсатиш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши белгиланган. Айни пайтда фойдаланишга топширилган хонадонларга “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб бориляпти.
Аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш тизимининг автоматлаштирилгани шаффоф тўлов ва тўғри ҳисобот юритиш имконини бермоқда. Бу эса “зангори олов”дан тежаб-тергаб фойдаланиш, олис ҳудудлардаги аҳоли хонадонларида ҳам табиий ва суюлтирилган газ таъминотини янада яхшилашга хизмат қилаётир.
Пресс-тур давомида тармоқдаги бир қатор ютуқ ва ечимини кутаётган масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг