Газ таъминотида замонавий ва шаффоф тизим яратиляпти

11:32 09 Ноябрь 2021 Жамият
687 0

Айни пайтда Фарғона вилоятида қарийб 511 минг нафар аҳоли суюлтирилган, 339 минг нафардан зиёд жисмоний шахслар табиий газ истеъмолчилари ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, вилоятда ушбу соҳада хизмат кўрсатишни замонавий мезонлар асосида такомиллаштириш, аниқлик ва шаффофликни таъминлаш чора-тадбирлари изчил олиб борилмоқда. Айни мақсадда аҳоли хонадонларига 299 минг дона “Ақлли газ” (Аскуг) ҳисоблагичини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 179 мингтаси ўрнатиб бўлинди. Шу тариқа 7 та шаҳар-туманда “Ақлли газ” тизими тўлиқ жорий этилди.

“Hududgaz Fargona” газ таъминоти филиали Бағдод туман бўлимида аҳолини табиий газ билан таъминлаш мақсадида икки босқичли тизим яратилди. Бу орқали табиий газ ҳар бир хонадонга тенг тақсимланишига эришилди.

-Табиий газ етиб борган бешта маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларига 3 ярим мингдан ортиқ “Ақлли газ” ҳисоблагичлари ўрнатилди, - дейди “Hududgaz Fargona” газ таъминоти филиали Бағдод туман бўлими бўлим бошлиғи Мирзоҳид Ҳомидов. – Ҳар бир хонадон учун алоҳида газ тақсимлаш қурилмаси ўрнатилиши натижасида табиий газ йўқотилиши, исрофгарчилигининг олди олинмоқда. Авваллари аҳолига газ етказиб бериш жараёнида бир ойда 89 минг метр куб табиий газ сарф этилган бўлса, янги тизим самараси сифатида жорий йилнинг октябрь ойида бу рақам 19 минг метр кубни ташкил этди. Шу тариқа бир ойда тежаб қолинган табиий газ яна мингта оилани тўлиқ табиий газ билан таъминланлаш имконини беради.

Энг муҳими, янги тизимга ўтилганидан кейин дебитор қарздорликка барҳам берилди.

-Янги тизим қулайликларидан беҳад мамнунмиз,-дейди “Пахтаобод” МФЙ, Олмос кўчаси, 4-уйда яшовчи Қосимжон Умрзоқов. – Ниҳоят бир неча йиллик қийинчиликларга – газ узилишларию босим пасайиб кетиши билан боғлиқ ҳолатларга барҳам берилди. Ўз навбатида биз ҳам истеъмол қилинган табиий газ тўловларини бажонидил вақтида тўлаб боряпмиз.

Бўлим мутахассисларининг маълум қилишича, ушбу тизим автоматик режимда ишлайди. Унда инсон омили йўқ ва тўлиқ компьютерлашган тизим орқали бошқарилади. Натижада ҳар бир хонадонга қиш-қировли кунларда ҳам бир меъёрда газ етиб боради.

Айтгандай, бугунги кунда Бағдод туманида 3520 та хонадон табиий, 40 мингтаси суюлтирилган газ билан барқарор таъминланмоқда.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер