Гарри Поттернинг маънавий онаси Паттерсон, собиқ президентлар ва Мишель Обамани ортда қолдириб кетди

18:23 23 Декабрь 2019 Дунё
1396 0

Жоан Роулинг Forbes версияси бўйича дунёда энг кўп ҳақ оладиган ёзувчилар рейтингида етакчиликни қайтариб олди. У 2019 йилда 92 млн. доллар даромад олган.

Унинг “Гарри Поттер ва лаънатланган болалар” пьесаси Ж.Роулинг учун молиявий фаровонликнинг навбатдаги кафолатига айланди. “Тони” мукофотининг олти карра лауреати қаламига мансуб мазкур асар чипталари унга бир ҳафтада 2,3 млн. доллар келтирди. Бу Нью-Йоркдаги Бродвей тарихида мусиқасиз саҳналаштирилган асарлар учун рекорд қийматдир.

“Бунга яна унинг ношири томонидан АҚШда сотилган 2,8 млн. босма нусхани, шунингдек, шу йўналишдаги парклардан саккиз хонали сумма ва тирик қолган болакай ҳақидаги янги фильмни қўшинг ва у яна солиқ тўлашгача 92 млн. доллар даромади билан бизнинг энг кўп ҳақ тўланадиган рейтингимизда яна етакчиликни қўлга олди”, — деб ёзади Forbes.

Ўтган йилги ғолиб Жеймс Паттерсон 70 млн. долларлик даромад билан иккинчи ўринни эгаллади. Унинг “Президент йўқолиб қолди” китоби бу йил 5,5 млн. нусхада сотилди, деб ёзади NPD BookScan.

2018 йилда Паттерсон Билл Клинтон билан ҳаммуалифликда ёзган китоби ёши катталар орасида бестселлерга айланганди. Айни чоғда у Америкадаги энг бой ёзувчи мақомини сақлаб турибди. Унинг бойлиги 800 млн. доллар дея баҳоланяпти.

АҚШнинг собиқ биринчи хоними Мишель Обама эса 36 млн. долларлик даромад билан жорий йилда учинчи ўриндан жой олди. У ва унинг турмуш ўртоғи, Оқ уйнинг собиқ раҳбари Барак Обама 2017 йилда иккита китоб учун 65 млн. бўнак олишган.

Барак Обаманинг китоби ҳали чоп этилмади(миш-мишларга кўра у 2020 йил бўлиб ўтадиган президент сайловлари пайтида чиқарилиши мумкин), аммо Мишель Обаманинг автобиографияси муваффақияти унинг ношири Penguin Random House аванс сифатида берган харажатни тўла оқлашини исботлайди.

Унинг “Becoming. Менинг тарихим” мемуарлари 2018 йил тугашига икки ой қолган бўлса-да турли форматларда 10 млн. нусхадан ортиқ сотилган ва бестселлерга айланганди. Обама, шунингдек, ўнта шаҳарга уюштирган турлари учун сотилган чипталаридан ҳам мўмай пул ишлаб олди. У стадионларда ёзувчи сифатида эмас, рок-юлдуз сифатида чиқиш қилгани кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер