Гаровга қўйилган боғча давлат-хусусий шериклик асосида экани маълум бўлди
Фото: Иллюстратив cурат
Кредит шартномасига асосан, банк томонидан масъулияти чекланган жамиятга ажратилган 2 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи (шундан 5 фоизи Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан) тадбиркорга дам олиш маскани қурилиши учун уч йил муддатда қайтариш шарти билан берилган эди. Кредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида эса 2020 йил 20 октябрда тузилган ипотека шартномасига асосан бошқа бир МЧЖга тегишли бўлган «Нодавлат мактабгача таълим муассасаси» биноси гаровга қўйилади. Қарздор МЧЖ олинган кредит маблағларини мақсадсиз ишлатиб, кредит ва унга ҳисобланган фоиз қарздорликларини белгиланган муддатда тўламасдан келганлиги сабабли, банк судга даъво билан мурожаат этиб, қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратишни сўрайди.
— Суд муҳокамасида аниқланишича, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган «Нодавлат мактабгача таълим муассасаси» биноси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, МЧЖ ва Навоий вилоят ҳокимлиги ўртасида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги 2018 йил 23 июлда тузилган битимга асосан МЧЖга 30 йил давомида давлат шерикчилиги асосида фаолият юритиш шарти билан (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган бўлиб чиқди, — дейди Навоий вилоят суди судьяси Турғунбой Қаҳҳоров. — Бироқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига зид равишда таъминотчи МЧЖда гаров объектига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келмаган бўлсада, амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиб, кўчмас мулкни мажбурият таъминоти сифатида гаровга қўйган. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Низомнинг 34-бандида битим амал қилиш муддати давомида хусусий шерик томонидан унга тегишли бўлган мулкни тасарруф этиш, шу жумладан, гаровга қўйиш ман этилиши белгиланган. Шунингдек, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига кўра, муомаладан чиқарилган ва тасарруфдан чиқарилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Мазкур ҳолатда битим иштирокчилари тарафлар томонидан гаровга қўйилаётган мол-мулк давлат шериклик асосида қурилганлиги ҳамда битим амал қиладиган муддат тугамай, уни гаровга қўйиш мумкин эмаслигини била туриб, банкдан кредит маблағларини олиш мақсадида қонунга зид бўлган ипотека шартномасини тузиб, банкдан 2 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи чиқарилишига эришган.
Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра, қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
Шу боис суднинг ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида қонунга зид ҳолда тузилган ипотека шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, мазкур қарор устидан киритилган апелляция шикояти бўйича иш Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ҳам кўриб чиқилди. Судлов ҳайъатининг 2022 йил 2 декабрдаги қарорига асосан ҳал қилув қарори қонуний ва асосли деб топилди.
— Шунингдек, суд муҳокамасида бир гуруҳ мансабдор шаxcлар томонидан банкдан олинган кредит маблағлари мақсадсиз ишлатилганлиги, давлат шерикчилигидаги мол-мулкни қонунчиликка зид равишда кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганлиги, қонунга зид бўлган ипотека шартномаси суднинг қарорига асосан ҳақиқий эмас деб топилганлиги оқибатида ажратилган 2 миллиард сўм кредит қарздорлиги таъминотсиз қолиб, давлат ва банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган, — дейди Т. Қаҳҳоров. — Мазкур ҳолатларга адолатли баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун хусусий ажрим қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар прокуратура идорасига юборилди.
Прокурорнинг тегишли қарори билан ҳар иккала МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, банкнинг мансабдор шахсларига нисбатан эса ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Хуллас, кредит ажратишда қилни қирқ ёрадиган банк мутасаддилари икки МЧЖнинг оддий найрангига чув тушишди. Биз эса тергов ҳаракатлари бораётганлиги сабаб уларнинг номи ва манзилини ҳозирча ошкор этмасликни мақсадга мувофиқ топдик.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг