“Ғам-ташвишлар анча ариди”, — дейди сардобалик аёллар
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги сув омборида юзага келган офат натижасида тураржойларидан айрилган 196 нафар хотин-қизлар ва болалар Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги сиҳатгоҳга олиб келинганлиги ҳақида хабар берган эдик. Меҳмонларнинг шаҳар бўйлаб саёҳати уларда катта таассурот қолдирди. Жумладан, Хонтоғ адирликларида барпо этилган 1000 та дала ҳовлидан иборат мажмуа, “Фозиломон ота” зиёратгоҳидаги аср билан бўйлашган чинорлару, шифобахш сув, “Хон тех” ишлаб чиқариш корхонасидаги меҳнат шароитлари, шаҳардаги озода-саранжомлик уларга манзур бўлди.
— Хонобод шаҳрини бежизга сайёҳлик маркази, деб аташмас экан,-дейди сардобалик Саломатхон Муродова. — Кўчалардаги саранжомлик, аҳоли яшаш учун яратилган шароитлар эътиборимизни тортди. Бизнинг Сардобада ҳам шундай ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилса бажонидил меҳнат қилган бўлардик. Адирлик устидаги дала ҳовлиларни кўриб кўзимиз қувнади. Андижонлик бунёдкорлар томонидан биз учун қурилаётган уй-жойлар ундан ҳам кўркам ва барча қулайликларга эга бўлишини эшитиб, қувончимизга сиғмаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, бу ерга келиб ғам-ташвишларимиз анча ариди.

Меҳмонлар шунингдек, аҳоли хонадонларида бўлишиб, уларнинг турмуш шароити билан танишдилар. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланаётган, уйда ўтириб даромад топаётган, хусусан, касаначилик, ҳунармандчилик ортидан рўзғорини бутлаб келаётган оила соҳиблари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Хотин-қизлар шаҳар бўйлаб саёҳат уюштирган бир пайтда болажонлар кундузги болалар дам олиш оромгоҳига жалб этилдилар.
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг