Ғалвир сувдан кўтарилганида...
Ютуқлар ва яна ютуқлар
Маълумотларга кўра,Тошкент вилоятида 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш индустириясини ривожлантириш каби йўналишларда биқиёс имкониятлар мавжуд. Вилоятнинг 2021 йил якунлари сарҳисобига назар ташласак, ҳудудда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ўсганини кўрамиз. Саноат, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш-пудрат ишларини ривожлантиришга ҳам зўр берилмоқда. Туман ва шаҳарларда кичик бизнесни тараққий этириш ҳамда инвестиция лойиҳалари кўламини кенгайтириш давр талаби бўлиб қолаётир. Мутасаддилар тақдим этган рақамлар таҳлили бир қарашда барча жараёнлар ютуқлар билан тўлиб-тошганини кўрсатади. Масалан, металлургия, енгил саноат, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 дан 2 баробарга ортган. Айниқса, маҳаллий саноатни ривожлантириш негизида 139 та лойиҳарни амалга ошириш ҳисобига жами 850,0 млрд. сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилиб, хориждан келтирилувчи маҳсулотлар ҳажми 85 млн. долларга камайган. Бу, албатта, вилоят ғазнасига қўшилган муҳим улуш саналади. Шунингдек, кооперация алоқаларини кенгайтиришда ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Оҳангарон, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ каби саноат шаҳарларида экспорт қилинувчи маҳсулотлар ҳажми йил сайин ортаётир.
Ўтган йил якунидаги таҳлиллар 47 та кичик саноат ва 3 та эркин иқтисодий ҳудудларда 11 минг 847 та, жумладан, кичик саноат ҳудудларидаги 137 млрд. сўмлик 21 та лойиҳа ҳисобига 674 та иш ўринлари яратилганини кўрсатмоқда. Шунингдек, ҳудудий Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 4 025 млрд. сўмга тенг бўлган 636 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 13 минг 334 та иш ўрни яратилган.
Булардан ташқари “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам бир қатор ижобий натижалар кўзга ташланади. Мактабгача таълим соҳасида маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобига 14 та, давлат-хусусий шериклик асосида 6 та, хусусий ташаббус ҳисобига 11 та, оилавий нодавлат йўналишида эса 625 та тарбия масканлари барпо этилган. Пировардида вилоятдаги 218,6 минг нафар боғча ёшидаги болаларнинг 144,9 минг нафари ёки 66,3 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
Халқ таълими тизимида ҳам ушбу дастурлар доирасида маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган жами 458,9 млрд. сўм маблағ ҳисобига янги мактаблар қуриш, эскиларини жорий ва мукаммал таъмирдан чиқариш, янги спорт залларини ўқувчилар ихтиёрига топшириш каби долзарб вазифалар ижроси таъминланган.
Бироқ...
Бироқ ўтган йил якунланиб, халқимиз таъбири билан айтганда, ғалвир сувдан кўтарилганида маълум бўлдики, ютуқлар билан бирга ҳудудда бир қатор камчилик ва муаммолар ҳали анчагина. Бу муаммолар аслида йилдан-йилга ўтиб келаётган, ҳар гал вилоятга янги раҳбар келса, ижобий ўзгаришларни интиқиб кутадиган содда, бағрикенг қишлоқ одамларининг ўй-ташвишларига сабаб бўлмоқда.
Айрим туман ва шаҳар ҳокимлари, тегишли ташкилот ҳамда корхона мутасаддилари ҳар йили ўз ҳисоботларида бутун бошли бир йил давомида эплолмаган режа ва топшириқларни йил якунигача қойиллатиш, улгурмаганларини кейинги йилда, албатта, ошиғи билан уддалаш тўғрисида қоп-қоп ваъдалар беришади. Баъзи туман ва шаҳар ҳокимларининг вилоят келажаги учун тарихий воқеаларга бой бўлган 2021 йил якунида халққа қарата қилган Мурожаати ҳам худди шундай таги пуч вадалар билан безатилган сатрлардан иборат бўлди, десак муболаға саналмас. Бу мурожаатларни тинглаган кимдир хаёлидан “Қўйсангизчи, ҳоким тўра, бари бир эски ҳаммом, эски тос!” деган ўй ўтган бўлса, яна кимдир “Содда халқнинг қўнжини пуч ёнғоққа тўлдириш осон-да!”-деди.
Одамларнинг бу тахлитдаги эътирозлари сабабсиз эмас! Чунки, бугунги сарҳисобларга кўра, биргина халқ таълими соҳасида 20 та ҳудудда янги мактаб қуришга эҳтиёж бор, 147 та мактабга қўшимча бинолар зарур. 113 та мактаб эса мукаммал таъмирга муҳтож, 182 та умумтаълим даргоҳида спорт зали умуман йўқ! 14 та мактабда ичимлик суви муаммо. Нафақат мактаблар, балки вилоят аҳолисининг 32 фоизига ичимлик суви етиб бормаган. Янаям очиғи, 144 та маҳалла марказлашган ичимлик сув таъминотига уланмаган. Вилоятдаги қарийб 3 минг километр масофадаги сув тармоғи таъмирга муҳтож. 69 та сув қудуқлари ишдан чиққан. Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Пискент, Қуйи Чирчиқ каби туманларда бу муаммонинг ечими йилдан-йилга ортга сурилмоқда.
Тошкент вилоятидаги 527 та МФЙда сартарошхона, пойафзал таъмирлаш устахонаси, гўзаллик салони, дорихона каби аҳолининг кунлик корига ярайдиган хизмат кўрсатиш шохобчалари етишмайди. 170 маҳалланинг электр таъминоти издан чиққан. 1146,7 километр масофадаги электр қуввати узатиш симлари деярли яроқсиз ҳолатга келган. Аҳолини табиий газ билан таъминлаш борасида ҳам камчиликлар етарлича топилади.
Энди бу ҳудудлардаги ҳоким ва таълим тизими раҳбарларининг ўқувчиларга юқори савияда дарс берилаётгани, спорт тўгараклари ва иншоотларисиз қандай қилиб жисмонан соғлом ва баркамол авлод вояга етаётгани ҳақидаги ҳисоботларига ўзингиз баҳо бераверинг.
Камчиликлар беркитилиб, ютуқлар кўпиртирилгани боис 2021 йилда 35 минг 671 нафар мактаб битирувчиларидан атиги 8 минг 674 нафари ёки 24,3 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинган. Айниқса, Чиноз, Янгийўл, Зангиота туманлари ва Бекобод шаҳридаги мактаб битирувчиларининг билим даражаси йилдан-йилга пастлашиб бораётир.
— 2021-2022 ўқув йилида 30 минг 624 нафар 11-синф ўқувчилари ўрта таълим даргоҳларида таҳсилни тугаллайди. Уларнинг билим савиясини бугундан кечиктирмай мукаммаллаштириш лозим, — дейди вилоятнинг янги раҳбари Зойир Мирзаев. — Шу боис вилоятдаги ОТМларда фаолият олиб борувчи 110 нафар профессор-ўқитувчилар тест синовларида билим савияси паст, дея, қайд этилаётган мактабларга бириктирилади.
Албатта, вилоят раҳбарининг бу ташаббуси замирида жуда катта мақсад бор. Чунки таълим тизимидаги мавжуд хато-камчиликларни тузатишга зиёлилар сафарбар этилмаса, кейин кеч бўлиши табиий.
— Энг ачинарлиси, вилоятда замонавий мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қуриш учун давлат томонидан ажратилаётган тегишли маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатилмаган, — дейди Зойир Мирзаев. — Буюртмачилар ва техник назоратчиларнинг масъулиятсизлиги туфайли, 2021 йил якунига кўра, 99 та мактабдан 6 тасида 10,7 млрд.сўмлик, 45 та МТМдан 28 тасида эса 62% қурилиш ишлари тугалланмаган. Натижада давлат бюджетидан ажратилган 51,3 млрд.сўмлик маблағ ўзлаштирилмай қолган.
Тиббиётдаги депсинишлар
Тошкент вилоятининг тиббиёт тизими ҳам неча йиллардан буён депсинишдан чиқолмаяпти. Шу боис бугунги кунда 1182,5 та врачлик лавозимлари вакант ҳолатида. Бўстонлиқ, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Тошкент, Бўка, Юқори Чирчиқ, Пискент туманлари ва Ангрен, Бекобод шаҳарлари аҳолисининг тегишли тиббиёт муассасаларига қилган мурожатлари таҳлилига кўра, ушбу ҳудудлар аҳолиси кўпроқ юрак қон-томир, ошқозон-ичак, эндокрин ва онкологик касалликлардан азият чекишмоқда. Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен шаҳарлари ҳамда Юқори Чирчиқ, Оҳангарон, Қуйи Чирчиқ, Чиноз туманларида гўдаклар ўлими даражаси вилоят кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда. Оҳангарон, Зангиота, Қибрай туманлари ва Оҳангарон шаҳрида эса оналар ўлими кўрсаткичлари баланд.
Бу рақамлар вилоят соғлиқлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларини жиддий ўйлашга ундаса-да, ҳалигача тегишли хулоса чиқарилмаётир. Балки хатоларни тузатиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга ҳали вақтлимикан-а! Ундай дейдиган бўлсак, 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга йўналтириш, соғлом она тамойилини шакллантириш борасидаги ишлар билан танишиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида уйма-уй юриб, аҳоли вакиллари билан бўлган суҳбатлар натижаси вилоят ҳокимлиги биносида муҳокама қилинганида, айнан вилоят тиббиёт тизимидаги камчилик ва нуқсонлар учун соҳа раҳбарияти жиддий огоҳлантирилганди-ку! Бироқ ҳамон туман ва шаҳарларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш маданияти тўлиқ шаклланмасдан қолаётир. Шунинг учун ҳам беморларнинг катта қисми ўз дардига даво топиш илинжида пойтахтга қатнаётир. Вилоятнинг чекка ҳудудларида олий маълумотли ва тажрибали тиббиёт мутахассисларига эҳтиёж юқорилигача қоляпти.
Боқибеғамлик оқибати
Тошкент вилоятида иқтисодиёт тармоқларига хорижий сармояларни жалб этиш, давлат мақсадли кредит маблағларини ўзлаштириш борасида ҳам талайгина муаммолар мавжуд. Хизмат кўрсатиш соҳаси эса мақтагулик эмас. Айниқса, Оҳангарон, Пискент, Қуйи Чирчиқ, Чиноз туманларида бу борадаги ишлар ачинарли аҳволда.
Вилоятнинг 13 туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун зарур бўлган — цемент, сиртқи тошлар, оҳактош, қум-шағал, ғишт-черепитца, силикат буюмлар, керамзит каби 8 турдаги ноёб хомашё захираси мавжуд бўлса-да, улардан самарали фойдаланиб, бу ҳудудларда саноатни ривожлантириш, минглаб нафар янги иш ўринлари яратиш ташаббуси йўқ.
Олмалиқда йирик тоғ-кон корхонаси бўлишига қарамай, қимматбаҳо тошлар ва рангли металларни қайта ишлайдиган заргарлик саноати фаолияти йўлга қўйилмагани ҳам кишини жиддий мушоҳадага ундайди. Агар жойларда аҳолига хизмат кўрсатувчи заргарлик устахоналари, дўконлари очилса, одамлар оддий зирак ёки узук харид қилиш ва таъмирлатиш учун пойтахтга қатнамас эди.
Яна бир долзарб муаммо - бу ҳудудда етиштирилаётган 1 минг 600 тонна пилланинг 70 фоизи бирламчи қайта ишланса-да, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тайинли корхона йўқ. Айниқса, бир қатор туманлар аҳолисида ипакчилик борасида катта тажриба ва имкониятлар мавжуд бўла туриб, одамларнинг ипак ва шойи матолар тўқишни йўлга қўйиш борасидаги хоҳиш-ташаббуслари инобатга олинмаётир. Пилла етиштирувчи туманлар аҳолиси иқтидоридан келиб чиқиб, уларни косибчилик ва ҳунармандчиликка йўналтириш лойиҳалари ишлаб чиқилганида эди, вилоятдаги ишсизлик кўрсаткичи сезиларли даражада камайган бўлармиди? Чунки бугунги таҳлилларга кўра, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 124 минг нафари ишсизлар рўйхатига киритилган. 135 минг нафар киши эса хорижий давлатларга меҳнат мигранти сифатида чиқиб кетган.
Экспорт борасида ҳам ишчанлик зарур
Тошкент вилоятида саноат ялпи маҳсулоти ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш ҳажми ортиши баробарида хориж бозорларини мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш режаларида узилиш сезилмоқда. Бу оқсоқлик Бўстонлиқ, Бекобод, Оҳангарон ва Қибрай туманларида яққол кўзга ташланади.
Вилоят раҳбари бу ҳолатга қуйидагича баҳо берди:
— Бўстонлиқ туманидаги “Bananza tade export” масъулияти чекланган жамиятида 9,3 млн. доллар, Оҳангарон туманидаги “Expo ohan”да 3,4 млн. доллар, Қибрай туманидаги “Serious status” МЧЖда эса 2,8 млн. долларлик экспорт режалари умуман амалга оширилмаган.
Бу таҳлиллар мева-сабзавот етиштириш борасида бой тажриба тўплаган ушбу туманлар имкониятидан унумли фойдаланиш илинжида ташкил этилган тегишли корхоналар раҳбарларининг хўжакўрсинга фаолият юритаётганини билдирмайдими?!
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид рақамлар таҳлили Янгийўл, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Пискент, Зангиота туманлари ҳамда Ангирен ва Янгийўл шаҳарларидаги аҳвол вилоят кўрсаткичидан ҳам паст даражада эканини кўрсатмоқда.
Маълумотларда вилоятда жами 39 та кластерлар фаолият юритаётгани қайд этилса-да, мавжуд 6 та пахта-тўқимачилик, 16 та мева-сабзавотчилик кластерлари замон талабларига тўлиқ мослашмаган. Уларда тегишли маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш имконияти мавжуд бўла туриб, самарали фойдаланиш механизмлари йўлга қўйилмаган. Шу боис биригина пахтани қайта ишлаш борасида ип-калава йигириш жараёни сўнгги босқич бўлиб қолаётир.
Бекобод туманидаги “АПК Бекобод”, Бўка туманидаги “АПК Бўка”, Чиноз туманидаги “АПК Чиноз” корхоналари ҳамда Оққўрғон туманидаги “АБС Оққўрғон” кластери фаолиятида айнан шу ҳолатлар кузатилмоқда.
Агар мавжуд кластерлар орқали пахта хомашёсини матога айлантириш, бўяш, гул босиш, тикувчилик корхоналарида тайёр кийим-кечак ҳолатига келтириб, Ўзбекистон бренди сифатида четга экспорт қилиш лойиҳалари амалга оширилганида эди, балки минглаб янги иш ўринлари яратилган, вилоят иқтисодиёти янада барқарорлашган бўлмоғи тайин эди.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг