Ғалладан бўшаган далага ўт қўйиш 50 миллион сўмга тушди

14:27 10 Июль 2025 Жамият
390 0

«Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ўтказилган мониторингларда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида жорий йилда 577,9 гектар буғдойдан бўшаган ерлар ёқиб юборилгани аниқланди.

— Экинзорлар ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказувчи бундай номаъқул иш учун қонунчиликда аниқ жазо чоралари белгиланган, — дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Маҳмудхўжа Сатимхўжаев. — Юқоридаги ҳолатлар давлат инспекторлари томонидан назоратга олиниб, 16 та ҳолатда ёқиб юборилган 202,6 гектар майдон учун 18 млн. 750 минг сўм маъмурий жарима ва 180 млн. сўмга яқин табиатга етказилган зарар ҳисобланди.

Далага кимлар ўт қўйяпти? Ўйинқароқ болалар эмас, кўпроқ оқу қорани таниган катта ёшдаги кишилар бу ишга қўл уряпти. Мана биргина мисол, тумандаги “Носиржон Хайрулло” фермер хўжалиги ишчиси Ж. Ш. ғалладан бўшаган 47,4 гектар далага ўт қўйгани учун энди қанча пушаймон бўлса ҳам фойдаси йўқ. Ғишт қолипдан кўчди. Энди у ҳуқуқбузарлиги учун 1 млн. 125 минг сўм маъмурий жарима ва табиатга келтирилган зарар учун 49 млн. сўмдан кўпроқ товон тўлайди.

Айни пайтда олиб борилаётган назорат ва суриштирув тадбирлари натижасида бошқа айбдор шахсларга ҳам тегишли қонуний чоралар белгиланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер