«Галатасарой» «кекса сеньора»ни аяб ўтмади, «Реал Мадрид» «Бенфика»дан аламини олди
Кеча, 18 февраль куни УЕФА Чемпионлар лигаси мусобақасининг плей-офф ўйинлари старт олди. Кун доирасидаги дастлабки баҳсда Туркиянинг «Галатасарой» жамоаси ўз майдонида Италиянинг «Ювентус» жамоасини қабул қилди. Учрашув туркларнинг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйинда киритилган голларга ғолиблардан Нао Ланг (2 та), Давинсон Санчес, Габриэл Сара ва Саша Боэ муаллифлик қилди. «Ювентус»нинг жавоб голлари эса Теун Копмейнерс ҳисобидан ёзилди.
УЕФА Чемпионлар лигасида 15 марта ғолиб бўлган «Реал Мадрид» клуби айнан «Бенфика»га учраган мағлубият сабаб мусобақанинг нимчорак финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма ололмаган эди. Қуръа ушбу жамоаларни турнирнинг плей-офф босқичида яна рўбарў қилди.
Бу гал омад «қироллик клуби»га кулиб боқди. Ўйин 0:1 ҳисобида якунланди. Учрашувдаги ягона голни 50-дақиқада Винисиус Жуниор киритди.
«Реал Мадрид»дан ташқари мусобақанинг амалдаги чемпиони ПСЖ жамоаси ҳам турнирнинг нимчорак финалига тўғридан-тўғри йўлланма ололмаган эди. Жамоа плей-оффнинг биринчи ўйинида Франциянинг бошқа бир жамоаси — «Монако» билан куч синашди.
Учрашув 2:3 ҳисобида Луис Энрике жамоасининг ғалабаси билан тугади. Голларга ғолиблардан Дезире Дуэ (2 та) ва Ашраф Ҳакими муаллифлик қилди. «Монако»нинг жавоб голлари эса Фоларин Балогун ҳисобидан ёзилди.
Куннинг сўнгги ўйинида Германиянинг «Боруссия Дортмунд» жамоаси ўз майдонида Италиянинг «Аталанта» жамоаси билан куч синашди. Баҳс мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Голларга Серу Гирасси ва Максимилиан Байер муаллифлик қилди.
Маълумот учун, бугун мусобақанинг плей-офф ўйинлари давом эттирилади. Кун доирасида қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади:
«Қорабоғ» — «Ньюкасл»;
«Брюгге» — «Атлетико Мадрид»;
«Бодо-Глимт» — «Интер»;
«Олимпиякос» — «Байер Леверкузен».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг