ФВВ ходимига 30 минг доллар пора таклиф қилган тадбиркор ушланди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимига пора таклиф қилган тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор ўзи раҳбарлик қиладиган МЧЖ томонидан Яккасарой туманида барпо этилган, лекин, бир қатор камчиликлари бартараф этилмаган 12 қаватли турар жой мажмуасини фойдаланишга қабул қилиниши бўйича «Назорат.МС.УЗ» электрон портали орқали тақдим этадиган аризасини ижобий ҳал қилиб бериши эвазига Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимига 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф этган.
Ўз навбатида, бошқарма ходими ҳолат бўйича масъулларни хабардор қилган. Шундан сўнг, ДХХ ва ФВВ ШХБ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, МЧЖ раҳбари пойтахт ФВББ ходимига ушбу пул маблағини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан Жиноят Кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг