Фурқатда мактаблар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг олис Фурқат туманида 38 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатади. Туманда янги авлод вакилларига қулай шароит яратиш мақсадида сўнгги йилларда 10 дан ортиқ мактаблар замонавий мезонлар асосида таъмирдан чиқарилди.
Жорий йилда «Калдушон» маҳалласида жойлашган 21-умумтаълим мактабини таъмирлашга ҳам давлатимиз томонидан 6 млрд 644 млн сўм маблағ ажратилди. Мактабнинг 1989 йилда қурилган мавжуд биноси 840 ўринга мўлжалланган бўлиб, қарийб 950 нафар ўқувчи таҳсил оларди. Инвестиция дастури асосида тумандаги 32-умумтаълим мактаби ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Лойиҳа қиймати 4,4 млрд сўмни ташкил этиб, эндиликда мактабда бир навбатда ўқиш имкони мавжуд. Ўз навбатида, дарсдан сўнг тўгараклар, қўшимча дарс машғулотлари олиб бориш учун барча имкониятлар муҳайё.
— Инвестиция лойиҳаларини тайёрлашда янгича мезонлар асосида ёндашиб, таълим-тарбия, жисмонан ва маънан етуклик жараёнини ўзаро уйғунлаштиришга ҳаракат қилинмоқда, — дейди Фурқат тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Ортиқов. — Мазкур билим даргоҳларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун янги ошхона, касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш маркази ташкил этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг