Фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланмоқда

11:49 15 Октябр 2021 Жамият
632 0

Фото: Абдулазиз Йўлдошев / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд сайлов округи ҳудудидаги сайлов участкаларида ҳам бугундан муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бошланди.

Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 5 октябрда қабул қилинган қарорига кўра, бу йилги Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14-20 октябрь кунларига белгиланди. Сайловчилар шу кунлар давомида соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар ўзлари рўйхатга олинган сайлов участкасига бориб, муддатидан олдин овоз беришлари мумкин.

Пахтачи туманидаги 817-сайлов участкасида Украч ва Фаровон Йўлдошобод маҳаллаларида яшовчи 2350 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Участка сайлов комиссияси раиси Садриддин Бобоевнинг айтишича, сайловчилар рўйхатига уйма-уй юриб аниқлик киритиш жараёнида 34 нафар сайловчи 24 октябрь куни тегишли сабабларга кўра уйида бўлмаслиги ва шунинг учун муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланмоқчи эканлигини билдирган. Бугун улардан тўрт нафари участкага келиб, муддатидан олдин овоз берди.

- Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида ишлайман, - дейди Н.Холбеков. - Эртага ишга кетишим керак. Шунинг учун бугун сайлов участкасига келдим ва ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.

Самарқанд шаҳридаги 133-сайлов участкасида Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ўқитувчи ва талабалари ҳам сайловчилар рўйхатига киритилган. Улар орасида муддатидан олдин овоз беришда қатнашаётганлар бор.

- 24 октябрь куни Бухорога, уйга кетишим керак, - дейди Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабаси А.Ибрагимов. - Шунинг учун бугун ўзим рўйхатга олинган 133-сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз бердим.

 

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер