Фуқаролар ҳам ҳунарли, ҳам ишли бўлмоқда

09:44 17 Октябр 2023 Жамият
519 0

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қошида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази ва Касб-ҳунарга ўқитиш бўлими ташкил этилгани ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Касб-ҳунар ўрганиш истагидаги ишсиз фуқаролар кундалик турмушда эҳтиёж юқори бўлган ҳунарлар бўйича назарий, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлишяпти. Жумладан, бу ерда бухгалтерия, аёллар ва эркаклар сартароши, қандолатчилик, ошпазлик, тикувчилик, электр устаси, сантехник, батлер-официант, ёш болалар уқаловчиси каби 10 дан зиёд йўналишларнинг замонавий усуллари бўйича билим ҳамда амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази директори ўринбосари Музаффар Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, ўқув машғулотлари ишлаб чиқаришда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган, ўз касбининг устасига айланган етук мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда. Касб-ҳунарга ўқитиш бўлими 2020 йил 2 ноябрдан буён ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Айни вақтда 120 нафар фуқаро машғулотларда фаол иштирок этмоқда. Касб-ҳунарга ўқитиш бўлимида шу кунга қадар 4200 нафардан зиёд ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўргатилиб, махсус сертификатлар топширилди.

  Ўқув машғулотларида турли ёшдаги фуқаролар иштирок этмоқда. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатига кирганларга стипендия бериляпти. Айниқса, пазандачилик сир-асрорларини ўрганиш истагида келган фуқароларга назарий ва амалий машғулотлар олиб бораётган Гулнора Абдужалилова фаолияти таҳсинга сазовор. У Халқаро ўзбек пазандачилик санъати маркази томонидан ташкил этилган “Олтин пичоқ” кўрик-танловининг шаҳар босқичида “Моҳир иш устаси” номинацияси ғолиби бўлган.

— Ҳар бир махсус фан синфи ва ўқув устахоналари бугунги кун талабига мос ҳолда жиҳозлангани машғулотлар таъсирчанлигини оширмоқда,— дейди у. — Шу боис, бизда ўқиган кўплаб касб ўрганувчилар ўз йўналиши бўйича ишга жойлашмоқда. Баъзилари ошпазлик, қандолатчилик ва аёллар сартароши соҳаларида ўзларининг оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйгани бизни қувонтирмоқда.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер