Фуқаролар биздан рози бўляптими?
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
Элликқалъа тумани — Қорақалпоғистон Республикасининг муҳим стратегик ҳудудларидан бири. Кейинги йилларда ҳудуддаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топиши натижасида аҳоли турмуши фаровонлашиб, туман ҳар томонлама ривожланиб бораётир. Албатта, бу жараёнларда сектор раҳбарлари ташаббус кўрсатиб ишлаши ҳар қачонгиданда муҳим.

Ҳар куни иш фаолиятимизни ўзимиздан келиб чиқиб, яъни 2-сектор халқ муаммоларини ҳал этишда ҳисса қўша оляптими, фуқаролар биздан рози бўляптими, деган саволни олдимизга қўямиз. Бундай иш тартиби фаолият унумдорлигини таъминлайди.
Бизга бириктирилган ҳудуднинг барчасида “ёшлар дафтари” шакллантирилган. Рўйхатда турувчи ҳар бир фуқаронинг ҳаёт тарзи, муаммолари чуқур ўрганиб чиқилди ва керакли ёрдамлар бериляпти.
Мисол учун, “Кичик Гулдурсун” МФЙ фуқароси Мафтуна Ражапбаевага сектор раҳбари томонидан “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 33 млн. сўм паррандачилик билан шуғулланиши учун кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада ҳозирги кунда у 400 дона товуқ ҳамда 500 дона бедана парваришни йўлга қўйди. Қувонарлиси, кунига товуқлардан 250 тагача ва беданалардан 400 тагача тухум етиштирилаётир.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Товуқларнинг тухумларидан 400 та жўжа ҳам очиртирган. У билан суҳбатда паррандаларнинг сонини 2 мингтага етказиш мақсади борлигини айтди.

Мана, қаранг, фуқароларга сал туртки берилса, кўмак берилса, бас. Улар аравани ўзлари тортиб, оиласига қўшимча даромад топишга интилаверади.
Бу ишлардан руҳланган М. Ражапбаева бизга ушбу паррандаларни парвариш қилишда маккажўхори етиштириш учун ер ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатни ўз назоратимга олиб, ер ажратиш масаласини кўриб чиқяпмиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши бевосита прокуратура органларига юклатилган. Шуни инобатга олиб, шу кунга қадар туман прокуратураси томонидан тумандаги 399 нафар хотин-қизга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Келинг, аниқ мисолларга мурожаат қиламиз. Элликқалъа тумани Ибн-Сино маҳалласида яшовчи Фарида Йўлдошеванинг 2016 йилда туғилган фарзандига 5 йил давомида туғулганлик гувоҳномасини расмийлаштиришда қийинчиликларга учраб келганини билдириб, туман прокуратураси ходимларидан амалий ёрдам сўраган.
Биз Ф. Йўлдошеванинг мурожаатини назоратга олиб, бир ҳафта давомида қизи Машҳура Йўлдошевага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди.
Ёки бўлмаса, туман прокурорининг сайёр қабулида “Кичик Гулдурсин” МФЙда яшовчи “аёллар дафтари”нинг ҳуқуқий маслаҳатига муҳтожлар рўйхатида турувчи Гулсара Худайбергенова турмуш ўртоғи билан 11 йилдан буён қонуний никоҳини расмийлаштиришда қийинчиликларга учраётганини билдириб, амалий сўраб мурожаат қилди.
Унинг мурожаати 2-сектор раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, уларнинг никоҳини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада бир оиланинг никоҳи қонуний кучга эга бўлди.
Яна бир мисол. “Ақчакўл” ОФЙ ҳудудида 212 нафар ёшга ер ажратилган. Шундан, “ёшлар дафтари”га киритилгани 99 нафарни ташкил қилади. Ҳозирги кунда ёшлар томонидан ушбу ажратилган ер майдонларига картошка, полиз, кунжи ва мош, кунгабоқар экилган. Буям қўшимча даромад-да!

Худди шундай, ушбу маҳаллада яшовчи А. Абдураҳмоновни олайлик. У темирчилик қилиш учун банкдан 27 млн. кредит олди. Ҳозирги вақтда 3 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаб, тадбиркорлик фаолиятини олиб бормоқда. Унинг уйига бориб суҳбатлашдик. Шунда у ўз фаолиятини янада кенгайтириш нияти борлигини, шу сабабли ер ажратилиши масаласида амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.

Айни пайтда унинг мурожаати назоратимизга олинган ва тез кунларда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади.
Умуман, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади. Шундай экан, уларни бефарқ қолдириш ёхуд масъулиятсизлик билан ёндашган инсон давлатга хиёнат қилган билан баробар. Биз ўз фаолиятимизни ана шундай дунёқараш ва янгича иш услубда давом эттирамиз.
Шокир МАТЯКУБОВ,
Элликқалъа тумани прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг