Франциянинг Ўзбекистондаги мактаби

18:32 09 Октябр 2018 Жамият
4416 0
Фото: “Халқ сўзи Online”.

“Халқ сўзи Online”. “Истам Иброҳимов/Бухоро. Ғиждувон туманидаги 62-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати кутубхонасидан юзлаб ўқув қўлланмалари, дарсликлар ўрин олган. Жавонларда Францияда чоп этилган кўплаб китоблар ҳам бор. Улар Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан туҳфа қилинган.

Бу бежиз эмас. Мазкур мактаб-интернатда француз тили чуқур ўргатилади. Қишлоқ мактабининг Франциядаги бир қатор етакчи ўқув муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатганига ҳам йигирма йилдан ошди. Элчихона ходимлари ва француз мутахассисларининг келишлари бу ерда анъана тусини олган. Мактабда элчихона ташаббуси билан бир неча бор француз тили ўқитувчиларининг республика миқёсидаги илмий-амалий семинарлари ўтказилгани ҳам фикримиз тасдиғидир. Шу боисдан ҳам бу даргоҳга Франциянинг Ўзбекистондаги мактаби дея таъриф беришади. Бу мактабда ўқиш истагидаги ўғил-қизлар эса кўп. Улар давлат тест маркази томонидан махсус синовлардан ўтказилиб, мактабга қабул қилинади. Билим даргоҳи ўқувчилари сафида нафақат Бухоро, балки қўшни вилоятлардан келган ёшларни ҳам учратиш мумкин.

Фото: “Халқ сўзи Online”.

“Ўндан зиёд ўқувчиларимиз республика фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви”да ғолиб бўлишган. Кейинги йилларда эришилган ютуқлардан яна бири икки нафар француз тили ўқитувчимиз “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб чиққанидир. Шодиёр Нишонбоев, Гулноза Раҳмонова сингари француз тили ўқитувчиларининг тажрибаси вилоят миқёсида ўрганилиб, оммалаштирилган. Шу мактабни ташкил этишда бош-қош бўлган раҳматли устозимиз Саид Раҳмонов эса республикамиз умумтаълим мактаблари француз тили дарсликларини модернизация қилиш ташаббускори саналади”, — дейди мактаб-интернат директори М. Мухторов.

Дарҳақиқат, Францияда бўлиб, тажриба тўплаган ва мазкур мактаб-интернатга узоқ йиллар раҳбарлик қилган, “Эл – юрт ҳурмати” ордени соҳиби С. Раҳмонов ташаббуси билан 6 ва 9–синф француз тили дарсликлари, ўндан зиёд ўқув–услубий қўлланмалар, мультимедия иловалар, проекцион кўргазмалар жамланмалари яратилди. Устознинг 2002 йилда Франциянинг “Пальм – Академик” ордени билан тақдирланган ҳам оддий ўзбек муаллими билим ва салоҳиятига берилган юксак баҳодир.

Мактаб жамоаси айни пайтда эзгу анъаналарни давом эттириб, Ўзбекистон — Франция алоқаларини мустаҳкамлашга ўз улушини қўшяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер