ФҚБ Трампга суиқасд учун «қасос» олиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди
Фото: AP
АҚШ Федераль қидирув бюроси (ФҚБ) ва Ички хавфсизлик департаменти собиқ президент ва президентликка номзод Дональд Трампга уюштирилган суиқасд «қасос» олиш ҳаракатлари эҳтимолидан хавотирда. Бу ҳақда «Politico» нашри хизматлар тарқатган ҳужжатга таяниб ёзмоқда.
Нашрга кўра, материалда потенциал хавф остида бўлган аниқ шахслар кўрсатилмаган, аммо «сайлов билан боғлиқ мақсадлар» биринчи навбатда таҳдид остида эканлиги қайд этилган. Ҳужжатда, шунингдек, экстремистлар ўтмишда сиёсий ёки мафкуравий рақибларига қарши ҳужумлар уюштиргани ёки режалагани қайд этилган.
Аввал хабар берганимиздек, якшанба куни АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга суиқасд уюштирилди. Ҳодиса у Пенсильванияда ўз тарафдорлари билан учрашув вақтида юз берди. Трамп қулоғидан яраланди ва хавфсизлик хизмати ходимлари қуршовида воқеа жойини тарк этди. Махфий хизмат ўқ узган одамни ўлдирган. Ҳодиса оқибатида сайловолди митинг иштирокчиларидан бири ҳалок бўлган, яна икки нафари оғир яраланган. Трампни ўлдирмоқчи бўлган шахс Пенсилвания штатида яшаган 20 ёшли Томас Мэтью Крукс бўлиб чиқди.
Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Ларри Жонсон Трампга суиқасд уюштирилишида Махфий хизматни айблади.
Унинг айтишича, махфий хизмат республикачи номзод Дональд Трампга суиқасд уюштириш учун жавобгардир, чунки улар хавфсизликни назорат қилиш бўйича тегишли ишларни бажара олмаган. Хизмат нафақат тадбир ўтказиладиган жойни, балки бутун периметрни тўлиқ текшириши керак эди.
«Бундай вазиятларда сиз барча йўналишлардан камида 500 ярд (тахминан 457 метр) масофада потенциал ўқ узиши мумкин бўлган одамларни кўришингиз керак эди», дейди у содир бўлган уйнинг томида агент бўлиши кераклигини қўшимча қилиб.
Шу ўринда Жонсон Махфий хизматни қобилиятсиз ёки суиқасдни режалаштиришда иштирок этган, деган хулосага келди.
Манбаларга кўра, ўқ узган шахс ва Трамп ўртасида масофа тахминан 130 метр бўлган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг