Фотофакт: Сирдарёдаги "Ичакузди йўллар"

18:25 21 Февраль 2022 Жамият
1358 0

Фото: "Халқ сўзи"

«4К661». Ховос туманидаги «Янгиер шаҳар — Парчаюз қишлоғи» йўналишидаги ички автойўлнинг расмий номи ана шундай. Лекин уни кўпчилик «ичакузди йўл» деб атайди. Аммо у ичакузди ҳангомалар каби кулдириб, ичагингизни «узмайди», хушкайфият ҳам бермайди. Аксинча, асабингизни қўзғатиб, ичингизни тўкиб ташлайди. Негаки, унинг турган-битгани уйдим-чуқурлардан иборат. Чуқурларга тушмасликни ҳадисини олган ҳар қандай моҳир ҳайдовчи ҳам бу йўлнинг «синови»дан ўтолмайди. Асосий қатнов қисмида бутун жой қолмагани боис ҳайдовчилар йўлнинг икки четидан суқмоқлар «қуриб» олгани ҳам бунга далолат.

Фото: "Халқ сўзи"

Ҳайдовчилар равонлик излаб автомобилларини йўлнинг дуч келган қисмидан ҳайдайверади. Дейлик, ўнгдан кетаётган чапдан, чапдан ҳаракатланаётгани ўнгдан. Ё бўлмаса, суратда кўриб турганингиздек, бир томонга бораётган машиналар тўрт-беш қаторлаб ҳам юраверади. Бу қоидабузарлик, албатта, аммо бошқа иложи ҳам йўқда. Қолаверса, ҳаракат йўналишларини ажратувчи чизиқларнинг ўзи ҳам йўқ. Хуллас, мазкур йўл ва унга туташ ички тармоқлар жуда-жуда абгор аҳволда.

Фото: "Халқ сўзи"

Хўш, тезликни 10 километр-соатга ҳам етказиб бўлмайдиган йўлда тез тиббий ёрдам машиналари чақирувга зудлик билан етиб бора оладими? Бошқа шошилинч хизматларчи? Ваҳоланки, «ичакузди йўл» бу ёғи «Жиззах — Қўқон» автойўлига, бошқа тармоғи Ховос тумани ҳамда Боёвут шаҳарчасига олиб борувчи йўлларга туташгунча, теграсида бир неча аҳоли яшаш манзиллари мавжуд.  Ва айни пайтда у бир неча манзилларни боғловчи ва ҳудуд иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга коммуникация тармоғи ҳам ҳисобланади. Яъни уни жуда ҳам чекка ва ички йўл деб ҳам бўлмайди.

Фото: "Халқ сўзи"

Ховос тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан олинган маълумотга кўра, «4К661» автойўли мазкур тизим тасарруфида эмас экан. Яъни йўлни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилса, йўлсозлар бу ишни бажаради. Эҳтимол, Ховос тумани ҳокимлиги анчайин юқори даражада таъмирталаб бўлиб қолган мазкур йўлни эпақага келтириш бўйича қандайдир чоралар кўраётгандир. Лекин асл манзара шуки, «4К661» автойўлининг аҳволи сизу биз кузатадиган уйдим-чуқур йўлларданда хароб аҳволга келган. Туман мутасаддилар масаланинг ана шу жиҳатига биринчи навбатда эътибор беради деган умиддамиз.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер