Фотофакт: Гулистонда Алишер Навоийнинг янги ҳайкали очилди
“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Президентимиз жорий йил кўкламида Сирдарё вилоятига ташриф буюрганларида Гулистон шаҳрида бунёд этилган “Билимдонлар маскани”да бўлиб, бу ердаги Мустақиллик арафасида ўрнатилган, бетон қоришмасидан ясалган Алишер Навоий ҳайкалини замонавий ҳайкалтарошлик ашёлари асосида яратиладиган янгисига алмаштириш бўйича тавсия берган эдилар.
Бугун ушбу масканда улуғ шоиримизнинг соф мисдан ишланган салобатли ҳайкали тантанали равишда очилди. Маросимда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим соҳаси вакиллари, ижодкорлар, талабалар иштирок этдилар.
“Алишер Навоийга ўрнатилган мазкур ёдгорликнинг постаменти аввалгисидан бир метру 60 сантиметрга баландлашди ва унинг бўйи 5 метру 80 сантиметрга етди. Ҳайкал Ўзбекистон Бадиий Академияси буюртмасига биноан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Илҳом Жабборов томонидан ишланди”, - дейди Сирдарё вилояти ҳокимлигининг қурилиш бўйича “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси директори ўринбосари Шерали Абдуллаев .
Маълумот учун, таниқли ҳайкалтарош, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Илҳом Жабборов пойтахтимиздаги, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги Амир Темур, Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди, Фарғона ва Қувадаги Аҳмад Фарғоний ҳайкаллари муаллифи. Шунингдек, у вилоятлардаги “Мотамсаро она” ва яна кўплаб ҳайкалтарошлик асарларини яратган юртимизнинг машҳур ижодкорларидан биридир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг