Форма ҳужум қилишга эмас, ҳимоя қилиш учун берилган — депутат ИИВ ЙҲХББ муносабатига муносабат билдирди
“Фикр учун ҳеч ким, ҳеч қачон жазоланмаслиги керак. Бир нима деса дарров обкириб қўяверса фикр йўқолади. Ҳамма жим бўлади. бу гап ёш журналист, блогер Баҳодир Аҳмедов қаламига мансуб. Шу фикр ёзилган куннинг эртасидан бошланган ва ҳозиргача давом этаётган воқеалар ушбу гапнинг нақадар тўғри ва долзарб эканлигини кўрсатиб берди.
Ички ишлар вазирлигининг расмий телеграм каналида сўнгги бир йил давомида депутатлар ҳатти-ҳаракати ҳақида бир дона, 15-17 апрель кунларининг ўзида эса депутатларга оид иккита материал эълон қилинди. Шу давр оралиғида ушбу каналга 40 дан ортиқ материал ва хабарлар жойланган бўлса, бошқа бирортасида қонунбузарлар қайсидир амалдор ёки, касб вакили эканлигига урғу берилмасдан, “шахс”, “ҳайдовчи”,“фуқаро”, “ука”, “ака” каби умумий номлар қўйилган. Хўш ички ишлар вазирлиги нега айнан депутатларга ёпишиб олди, депутатлар уларни шунчалик жаҳлини чиқарадиган қандай хатти-ҳаракатни амалга оширди?
Жорий йилниг 13 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва “Адолат” СДП расмий сайтларида ва бошқа бир қатор интернет нашрларида Республика комиссияси қарори билан шифокорлар ишга бориш-келишда автомобилдан фойдаланишга рухсат берилган бўлса-да айрим ички ишлар органлари ходимлари бунга тўсқинлик қилаётгани юзасидан мурожаатлар келгани, ҳозир энг зарур инсонларга айланган шифокорлар инспекторлар билан ҳуқуқ талашиши эмас, одамларни даволаши кераклиги лозим дея ўз мулоҳазаларимни билдирган эдим. Бунга “Депутатга популизм ярашадими” номли ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизматининг популистик раддияси эълон қилинди. Раддияда республика бўйича бирорта ҳолатда ҳам давлат муассасасида ишловчи шифокорлар машинаси асоссиз жарима майдончасига қўйилмаганини таъкидлашибди.
Айни шу пайтда яъни 14 апрель куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори эълон қилинди. Унда бир кун аввал кўтарилган масала инобатга олиниб шифокорларнинг машинада юришга рухсат берилгани янада ойдинлаштирилди. Мазкур қарори “рўйхатни амалиётда қўллаш билан боғлиқ турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида” дея бошланган. Демак 8-14 апрель кунлари давомида тушунмовчиликлар бўлган ва навбатдаги тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида шу банд киритилган. Ўз-ўзидан маълум бўлаяптики, ИИВ нинг ҳозиргача бундай ҳолат бўлмади деган баёноти асоссиз бўлиб чиқмоқда.
Аммо, лекин, бироқ, ушбу мақоладаги шифокорлар мурожаати асосида кўтарилган муаммо уларга ёқмаган. ИИВ депутатларни кимлигини халққа кўрсатиб қўйишга киришиб кетишди. Бу орқали улар ўзларининг кимлигини аҳолимизга намоён қилмоқда. Кейинги сафар ўйлаб гапир демоқчидай гўё. Эртага журналистлар ёки блогерлар ҳам ИИВ танқид қилса, уларнинг ҳам “босар-тусари”ни билмай қолганлиги ҳақида видеолавҳалар кетма-кетлиги халққа тақдим қилинса ажабланмайман.
Ўзбекистонда амалда бўлган қонун устуворлиги, айбсизлик презумпцияси каби тамойиллардан ИИВ ахборот хизматининг хабари йўқми? Энг асосийси халқ ишонч билдирган депутатларга шундай муносабатда бўлинмоқда, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, уларнинг мушугини пишт деган, халқимиз, оддий фуқароларимиз қай аҳволга тушади.
Ҳурматли Ички ишлар органлари вакиллари айни синовли кунларда сизларнинг эрта-ю кеч олиб бораётган хизматларингизни эътироф этамиз, аммо биттагина менинг мақолам сабаб бутун депутатлик корпусига тош отманг. Гапингиз, эътирозингиз бўлса, марҳамат мулоқатга тайёрман.
Республика махсус комиссиясининг 8 ҳамда 14 апрелдаги қарорлари билан шифокорларга машина ҳайдашга рухсат берилган бўлса-да, ҳозир-да қанчадан қанча шифокорлар машинлари жарима майдончасида ётибди. Шу боисдан ИИВдан ўтган давр мобайнида машинаси жарима майдончасига қўйилган шифокорларни, улар томонидан тегишли ҳужжатлар кўрсатилган тақдирда, жаримани бекор қилишни ва автомашинасини олиб кетишига рухсат беришингизни ва бу ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилишингизни сўрайман.
Зеро, шифокорлар айни кунларда жарима майдончаси ёки ИИВ бўлинмалари биносида эмас, беморлар олдида бўлиши керак.
Махфират ХУШВАҚТОВА
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг