Форишда янги касб-ҳунар мактаби иш бошлади

16:33 14 Октябр 2020 Жамият
2317 0

Фориш тумани маркази Янгиқишлоқ шаҳарчасидаги маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи негизида янги касб-ҳунар мактаби ўз иш фаолиятини бошлади. Айни вақтда мазкур мактабга 5 та йўналиш бўйича 196 нафар 9-синф битирувчиларига ўқишга қабул қилинган.

— Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига Халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилган эди, — дейди Фориш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Жиянов. — Янги ташкил этилаётган касб-ҳунар мактаблари мавжуд тизимга мос равишда шакллантирилди ва 9-синфни битирувчилар ҳисобидан икки йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Касб-ҳунар мактабида ихтисослик фанлари Фориш тумани табиати, иқлими, аҳолининг яшаш шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилган. Ўқувчилар мактабда икки йил давомида ўрмончилик, кўкаламзорлаштириш лаборанти, қишлоқ хўжалик техникаларини таъмирлаш чилангари, тикувчилик, ўсимликлар ҳимояси лаборанти ва автомобилларни юриш қисмига хизмат кўрсатувчи чилангар каби йўналишларда таҳсил олишади.

Шунингдек, янги касб-ҳунар мактабида ўқув заллари, синфхоналар, компьютер синфлари, лаборатория хоналари замонавий ва инновацион усулда қурилган ва таъмирланган. Туман марказидан узоқроқдан келувчи ўқувчилар учун ётоқхона, ошхона, ахборот ресурс маркази ва спорт зал фаолият кўрсатмоқда.

Толибжон ЭРГАШEВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер