Фориш яйловларида қоракўлчилик ривожланмоқда

17:35 21 Апрель 2022 Жамият
836 0

Фото: Халқ сўзи

Фориш туманининг бир томони тоғликлар, бир томони қир-адирликлар, бир томони дашту қумликлар ва яна бир томони Айдар-Арнасой кўллари тизимига уланиб кетади. Жиззах вилоятининг энг йирик туманларидан бири бўлган мазкур ҳудуд чорвачилик тармоғи, хусусан, қоракўлчиликни ривожлантиришда жуда кенг имкониятларга эга. Чиндан ҳам Фориш аввалдан қоракўл қўйларини ва ундан олинадиган маҳсулотларни етиштириш бўйича етакчи ҳудудлардан бири бўлиб келган ва яна ўша мавқейини тиклаш учун ҳаракат қилинмоқда.

Бугунги кунда туманда 102 та қоракўлчилик фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, уларга тегишли 112 минг гектар яйловларда 61 минг 800 бошдан ошиқ қоракўл қўйлари парвариш қилинмоқда.

Ушбу хўжаликлардан бири - «Олимжон қоракўлчи» фермер хўжалиги бундан тўрт йил олдин 290 бош қоракўл қўйлар билан фаолият бошлаган бўлса, ҳозирда бу ерда майда шохли моллар сони 700 бошга етган.

— Қоракўлчилик фермер хўжаликлари томонидан наслчилик ишларини яхшилаш мақсадида қўшни Афғонистон давлатидан ҳамда Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан наслли қўчқорлар келтирилди, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Фориш туман бўлими катта инспектори Беҳруз Бозоров. — Бунда хўжаликларда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер майдонларини ажратиш ва улардан самарали фойдаланилиш муҳим ҳисобланади. Мазкур вазифаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилиб, хўжаликларда профилактик тарғибот тадбирлари олиб бормоқдамиз.

Умуман олганда, қоракўл қўйлари майда шохли молларнинг энг қадимги зоти бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида қоракўл зотли қўйлар боқилади. Бинобарин, мамлакатимизда ҳам қоракўлчилик тармоғида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш орқали сифатли қоракўл тери етиштириш, чўл озуқабоп экинлар уруғчилиги майдонларини ташкил этиш ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш чорвачиликнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Мисол учун, қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкалари 2023 йил 1 январга қадар ўзгаришсиз қолди. Республика ҳудудида қоракўл териси ва жунини тайёрлаш ҳамда харид қилиш «Ўзчармсаноат» ва «Қоракўлчилик» уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан олдиндан 50 фоиз аванс тўлаш орқали амалга оширилади. Қоракўлчилик билан шуғулланувчи субъектлар қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозлар ва материаллар учун божхона тўловларидан озод этилган.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер