Мактаб ўқувчиси фирибгарлиги сабаб тўртинчи марта жазога тортилди
Иллюстратив фото
Уч марта фирибгарлик жинояти бўйича жавобгарликка тортилган мактаб ўқувчиси тўртинчи маротаба уни содир этганда қўлга олинди.
Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра 18 ёшли мазкур ўқувчи 2001 йил Навоий вилояти Кармана туманида туғилган. 2018 йил август ойида Қўқон шаҳрида яшайдиган йигит билан шаърий никоҳдан ўтган. Шу кунга қадар Наманган вилоятида истиқомат қилиб, сентябрь ойидан буён мактабда дарсларга қатнамаётганлиги аниқланган.
Бевосита “тўртинчи” жиноят тафсилотларига келсак, “ўқувчи”(шартли равишда шундай атайлик) Навоий шаҳридаги “Савдо комплекси” ҳудудидаги 115- савдо дўконидан қиймати 5 миллион 660 минг сўмлик аёллар тилла тақинчоқларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Ўша куни “ўқувчи” Навоий шаҳридаги деҳқон бозорида аравакашлик қилиб юрган Ж исмли йигитга уй ишларида ёрдам берса 20 минг сўм ҳақ тўлашини, йўл-йўлакай тилла буюмлар сотиладиган дўкондан тақинчоқ харид қилиш учун кириши кераклигини айтиб унинг ишончига киради. Дўконда эса сотувчига “аравакаш”ни ўз сифатида таништиради.
“Тиллаларни ҳақиқийлигини дўкон ёнидаги заргарга олиб бориб текширтираман, грамминиям ўлчатаман. Укам шу ерда ўтириб туради деб сотувчини алдаб чиқиб кетдим, - дейди “ўқувчи”. – “Аравакаш” боланинг бу режамдан хабари йўқ эди. Унга суҳбат пайтида туғишган укам ҳақида айтиб бергандим. Укамни танигандек бўлди ва мени ўртоғининг опаси деб ўйлаб, дўкончига уни укам деб таништирганимга индамай қўя қолди.”
Шаҳар ИИБнинг тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида “ўқувчи” қўлга олинди.
Навоий шаҳар ИИОФМБ 3-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи тақдим этган маълумотларга кўра у муқаддам 3 маротаба судланган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг168-моддаси 3-қисми “б” банди билан 2 марта айблов эълон қилинган ва қидирувга берилган.
Ҳозирда “ўқувчи”нинг шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тергов суриштирув жараёнлари давом этмоқда.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг