Финляндия парламенти делегацияси – Оролбўйида

13:31 03 Декабрь 2022 Жамият
569 0

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев «Финляндия – Ўрта Осиё» парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари К. Килюнен бошчилигидаги Финляндия парламенти делегациясини қабул қилди.

Қабул давомида Орол денгизи қуришидан юзага келган экологик инқироз оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, Орол фожиаси давримизнинг энг катта глобал экологик инқирозларидан бири бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72–сессиясидаги нутқида дунё ҳамжамиятини яна бир бор Орол инқирозига қаратгани бежиз эмас.

БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди маҳаллий аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳудуддаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш борасида ташкил қилинган бўлиб, фонд маблағлари ҳисобидан қатор ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

Қабулда «Финляндия – Ўрта Осиё» парламентлараро дўстлик гуруҳи ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этиши қайд этилиб, томонлар биргаликда ишлашга тайёр экани билдирилди.

Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер