Фидойилик — асосий мезон
Спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, шоҳсупага кўтарилиши, Ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимизнинг баланд ҳилпираши юртдошларимиз кўнглини ҳар сафар фахр-ифтихорга лиммо-лим этади. Дунё Ўзбекистонни танийди, миллатимиз ўғлонининг матонати, маҳорати ва мустаҳкам иродасига тан беради.
Албатта, бу ютуқларга Юртбошимиз томонидан кейинги йилларда соҳага қаратилган эътибор, тизимли ҳаракатлар туфайли эришилмоқда. Жумладан, спорт мураббийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шароитлар руҳимизни кўтаряпти.
Бу ҳақда гап кетганда, Олимпия ўйинларининг ғолиблари бўлган спортчилар билан бирга уларнинг шоҳсупага чиқиши учун жон куйдирган, биргалашиб тер тўккан мураббийларнинг ҳам пул мукофотлари билан тақдирланаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Масалан, Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпиада чемпионларининг мураббийлари 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг устозлари 20 минг АҚШ долларидан мукофотланди. Бундай эътибор мураббийларга руҳий қувват, ғайрат-шижоат бахш этаркан, айни чоғда, катта масъулият ҳам юклайди.
Президентимиз XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашувда: “Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ва спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак”, дегани бежиз эмас. Бугун дунё миқёсида кўриб турибмиз. Мамлакат терма жамоасига хориждан легионерлар жалб қилиш тобора кенгайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари эса ўзимизнинг алпкелбат ўғлонларимизни, барчиной қизларимизни маҳоратли спортчи қилиб тарбиялаш, синовларда тоблаш, иқтидорини намоён этиш вазифасини қўймоқда. Буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш талабини юклаяпти.
Бундай улуғ мақсадларга спорт бўйича таълим сифатини яхшилаш, замонавий методика ва амалиётларни жорий этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва тарбиялаш йўлида фидойилик кўрсатиш орқали етиш мумкин. Биз бу йўлда бор иқтидор ва салоҳиятимизни аямаймиз.
Тўймурод АДИЗОВ,
Навоий вилояти олимпия ва паралимпия маркази мураббийси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг