Фазоларни кўзлаган Фарангиз

19:32 31 Январь 2023 Жамият
707 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида жойлашган 17-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Фарангиз Холматова муддатидан олдин АҚШнинг тўртта нуфузли олий таълим муассасаси талабалигига қабул қилинди.

Шу тариқа у кириш имтиҳонларини онлайн тарзда топшириб, океан орти юртининг Озарск (University of the Ozarks), Сетон-Холл (Seton Hall University), Хофстра (Hofstra University) ҳамда Делавера (University of Delaware) университетларида ўқиш имкониятини қўлга киритди. Ўз навбатида Фарангиз ушбу университетларда ўқиш учун ҳозиргача 300 минг АҚШ долларидан зиёд миқдордаги грантларни ҳам ютди.

— Рус, инглиз ва француз тилларини биламан ва уларни ҳеч қандай махсус курсларга қатнамай, мустақил ўрганганман, — дейди Фарангиз. — Бугунги кунга қадар АҚШ университетларидан ташқари Англия, Австралия, Ирландия, Руминия, Туркия давлатларидаги халқаро олий ўқув юртларига ҳам онлайн имтиҳонлар топширганман. Натижалар март ойи якунигача чиқади.

Таъкидлаш жоизки, бу интилувчан қизнинг ота-онаси геология-қидирув соҳасида ишлаб нафақага чиққан. Акаси ота-она йўлидан кетди, опаси тиббиёт соҳасида ишлайди. Оила кенжатойи Фарангиз астрономия соҳасида етук мутахассис бўлишни қатъий мақсад қилган.

— Болалигимдан фазога қизиқаман, астрономияни мукаммал ўрганиб, фазовий тадқиқотлар қилишни истайман, — дейди у. — Қайси хорижий давлатда ўқисам ҳам, астрономия энг кучли ўқитиладиган олийгоҳни танлаб, ўз мақсадларимни амалга оширишга ҳаракат қиламан.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер