Фатво маркази Рамазон ойи нега баъзида 29 кун давом этишини тушунтирди

22:50 18 Март 2026 Жамият
173 0

Иллюстратив фото

Жорий йил 20 март санаси Рамазон ҳайити сифатида нишонланиши эълон қилинди. Шунга кўра Рамазон ойи бу гал 29 кун давом этди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ушбу муборак ой нима учун баъзида 30 кун давом этмаслигини тушунтирди.

Билдирилишича, ҳижрий-қамарий тақвим Ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Яъни янги ҳилол кўринган куннинг эртаси янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Қамарий ойлар 29 ёки 30 кун давом этгани сабабли, бир йил 354 ёки 355 кундан иборат бўлади. Бу эса милодий йилдан 10-11 кун кам демакдир.

Милодий ойларнинг кунлари (февралдан ташқари) ўзгармас бўлса (масалан, март доим 31 кун), ҳижрий ойларнинг давомийлиги бевосита табиий ҳодиса – янги ойнинг кўринишига боғлиқ. Шу боис муборак Рамазон ойи ҳам гоҳида 29, гоҳида 30 кун бўлиши табиий ҳолдир.

«Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварада тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Манбалар ва ҳадисларга кўра, ушбу йилларнинг аксариятида рўза 29 кун, озроғида эса 30 кун бўлган», дейилади марказ хабарида.

Таъкидланишича, Рамазон ойи рўзаси 29 кун ёки 30 кун бўлишидан қатъи назар, у тўлиқ ва мукаммал бир ойлик ибодат ҳисобланади. Бу ойнинг 29 кун келиши унинг ажр-мукофотини камайтирмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер