Фарзандимни ҳарбий либосда кўриб фахрландим — Дилдора Маҳкамова

21:32 09 Январь 2024 Жамият
533 0

Шарқий ҳарбий округ Фарғона гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни олдидан “Аскар оналарини шарафлаймиз!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори, Шарқий ҳарбий округ масъуллари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хизмат бурчини ўтаётган фарғоналик аскарларнинг оналари, ҳарбий хизматчилар қатнашди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда ҳарбий соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси, қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги тубдан ўзгарди. Бу борада вилоят ҳарбий-маъмурий сектори фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

— Бугун Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчини адо этаётган фарзандимни ҳарбий либосда кўриб беҳад фахрландим, — дейди Қўштепа туманининг “Солижонобод” МФЙ, Солижонобод кўчасида яшовчи Дилдора Маҳкамова. — Бухорода ҳарбий хизматда бўлган ўғлим Ғиёсиддин Собиржоновни экран орқали кўрган бўлсам ҳам соғинчим ариди. “Онажон, аскар ўғлингиздан салом” дея майин жилмайганда кўзимга ёш келди.

Шунингдек, мулоқотда юртимизнинг турли ҳудудларида хизмат бурчини бажараётган бир гуруҳ фарғоналик ҳарбий хизматчилар иштирокида тайёрланган видеороликлар намойиш этилди.

Учрашув сўнгида аскар оналарига эсдалик совғалари топширилди. Шарқий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда вилоят санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага хуш кайфият бахш этди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер