Фарзандига раҳнамолик қилиш ота учун шараф. Аммо?..
Орамизда шундай инсонлар борки, улар қайсидир мақсадда қарз оладиларда, тўлашга келганда уддасидан чиқа олмайдилар. Афсуски, уларнинг аксарияти қочиб юришни афзал билади. Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармасининг қидирув шўбаси томонидан қидирувдаги қарздор шахслар ва уларнинг мол-мулклари турган жойини аниқлаш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида мамлакат бўйлаб қидирув тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
— Хусусан, суд қарорларига асосан қарздор деб топилган 632 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилиниши натижасида 438 нафари топилди, — дейди қидирув шўбаси катта инспектори Низомиддин Бегматов. — Айни пайтда маҳаллий қидирувда бўлган 73 нафар ва чет элларга чиқиб кетган 121 нафар шахсни излаб топишга қаратилган тадбирлар давом этяпти.
Бу тадбир натижасида юзлаб жабрланган оилаларнинг мушкули осон бўлмоқда. Масалан, Андижон шаҳрида яшовчи Ю. Д. фарзанди учун тўланиши керак бўлган 40 млн. сўм алимент пулидан бўйин товлаб, яшириниб юрган эди. Ота бўлиш осон-у, оталик вазифасини бажариш қийинлигини англаб етган бу шахс эндиликда зиммасидаги бурчни адо этишига тўғри келади. Қолаверса, ўз фарзандига раҳнамолик қилиш ҳар бир ота учун шараф эмасми?
Ота-оналар ажрашганида энг кўп жабр кўрадиган фарзандлар бўлади. Бундай ҳолларда болалар амалдаги қонунларимизга биноан онада қолиши керак. Бироқ, айрим ҳолларда оталар алимент тўлашдан бош тортиб ёки бошқа сабабларга кўра фарзандларни ўзлари билан олиб қолишга ҳаракат қиладилар. Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро К.У. ҳам турмуш ўртоғи билан ажрашгач, икки нафар фарзандини ўзи билан олиб қолишга ҳаракат қилади. Қаршиликларга қарамасдан у фарзандларини олиб қочишга қарор қилади.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасида ота ушлаб келинди ва ҳозирда болалар онаси қарамоғига топширилди.
Бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг