Фарғонанинг икки қишлоғи ФАОнинг MuNe — Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги музейига киритилди
Фарғона вилоятидаги Новкент ва Юксалиш қишлоқлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳи (Рим шаҳрида) томонидан амалга оширилаётган қишлоқларни тан олиш ташаббуси доирасида халқаро эътирофга сазовор бўлиб, ФАО Бош директори томонидан сертификатлар билан тақдирланди.
Мазкур эътироф қишлоқларда барқарор ривожланиш, табиий мерос ва биологик хилма-хилликни асраш, шунингдек инновацион ёндашувлар асосида маҳаллий озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасида эришилган натижаларни акс эттиради. Натижада ушбу қишлоқлар ФАОнинг Рим шаҳридаги бош қароргоҳи ҳузурида фаолият юритувчи MuNe — Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги музейи ва тармоғига киритилди.
MuNe платформаси эътироф этилган қишлоқларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шунингдек мамлакатлар ўртасида билим ва тажриба алмашинувини ривожлантиришга хизмат қилади.
«Қишлоғимизнинг халқаро даражада эътироф этилиши биз учун катта шарафдир. Бу аҳолимизнинг анъаналарни асраб-авайлаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва барқарор даромад манбаларини ривожлантириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларини акс эттиради,» — дейди Новкент МФЙ раиси Асқарали Азизов.
Шу билан бирга, ФАО Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда «Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги» лойиҳаси доирасида инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришни давом эттирмоқда.

Водийга ташриф доирасида Фарғона водийсидаги иссиқхоначи томорқа ер эгалари учун замонавий мева қуритиш ускуналари топширилди. Ускуналарнинг 13 таси Наманган вилоятига, 10 таси Андижон вилоятига ва 7 таси Фарғона вилоятига берилди.
Мазкур ускуналар маҳсулотларни узоқ муддат сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш имкониятларини кенгайтириб, фермерлар даромадини оширишга, ҳосил йўқотилишини камайтиришга ҳамда бозорларга чиқиш имкониятларини яхшилашга хизмат қилади.
«ФАО бизни бир неча йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда, жумладан иссиқхона ташкил этишда ёрдам берди. Бу ишлаб чиқариш самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Олинган даромадлардан фарзандларимизни олийгоҳларда ўқитяпмиз. Энди эса мева қуритиш ускунаси орқали маҳсулотларимизни қайта ишлаб, қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлдик,» — дейди Наманган вилоятидан лойиҳа иштирокчиси Гулчеҳрахон Маҳмудова.
Мазкур ташаббуслар ФАОнинг Ўзбекистонда инновацияларни илгари суриш, маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш ҳамда барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларини акс эттиради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг