Фарғонанинг 57 килограммли азамат ўғлони!

11:56 24 Сентябр 2019 Жамият
1383 0

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда 78 та давлатдан 365 нафар кучли спортчилар иштирок этишиб, ғолиблик учун қизғин баҳс олиб боришди.

Ўзбекистон терма жамоаси сафидан Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган Миразизбек Мирзахалиловнинг ҳам жой олгани бугун барча фарғоналикларни беҳад қувонтирди.

Чемпионатнинг 57 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Миразизбек Мирзахалилов финал учрашувида уч карра жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинлари совриндори кубалик рақибини мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди.

Миразизбек Мирзахалиловнинг жаҳон чемпиони бўлиши Фарғонада катта байрамга айланиб кетди. Уни таниган, билганлар чемпион ўз уйига қайтгунига қадар ота-онасини табриклаш учун ошиқдилар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида бир гуруҳ меҳмонларнинг азамат ўғлон хонадонида бўлиши, қимматбаҳо совғалар ва мукофотларнинг унинг ота-онасига топширилиши оила аъзоларини руҳлантириб юборди. Фарзандини эл-юрт шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлашга камарбаста бўлганидан айниқса, отанинг қадди янада ростланди.

  • ­Бу қувончли воқеа нафақат оила аъзоларимизни, балки бутун ўзбекистонликларни бирдек қувонтиргани менга фахр бағишлайди, ­- дейди чемпионнинг отаси Мирзакарим Юнусов. ­– Бу ютуқларнинг замирида юртимизда спортчиларга яратилган шароитлар ва юксак эътибори мужассамдир. Ўғлимнинг Олимпиада чемпиони ҳам бўлишига тилакдошман. Ватанимизнинг муқаддас байроғини у каби азаматлар баланд кўтаришаверсин!
  • ­Бокс бўйича таълим-тарбияни оиладан бошлаган бўлсам, билим ва маҳоратни тажрибали мураббийим Баҳодир Эркаев қўл остида шакллантирдим. Ўтган йиллар давомида бир қатор республика, Осиё чемпионатлари, жаҳон кубоги мусобақаларида, қолаверса халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олганлигим сабаби биз ёшларга юртимизда яратилган қатор имкониятлар натижаси деб биламан. Фурсатдан фойдаланиб, барча боксчилар номидан Президентимизга ўз ташаккуримни етказаман. Пойтахт аэропортида, қолаверса, Фарғонада тантанали кутиб олинишимдан бошим кўкка етди. Бор кучимни сарф этиб, Ватаним номини шарафларга буркайвераман!

Миразизбек Мирзахалиловнинг эришган улкан ғалабаси мамлакатимизда, хусусан Фарғона вилоятида катта хурсандчиликларга сабаб бўлди. Жаҳон чемпионини шоду хуррамлик билан кутиб олиш учун Қува туманининг бошланишиданоқ спортчилар, ёшлар, мактаб ва коллежларнинг иқтидорли ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари йўлга чиқишиб, Миразизбекни олқишлар, гуллар билан қарши олишди. Вилоят ва туман ҳокимликлари, Бокс федерацияси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари, мураббийлар ва бошқа спорт мутасаддилари томонидан кутиб олиш маросимининг юқори савияда ташкиллангани барчага бирдек ҳаяжонли лаҳзаларни ҳадя этди. Қолаверса, чемпионнинг хонадонигача ташкил қилинган фарғоналиклардан иборат жонли девор Миразизбек қалбини янада сурурга тўлдирди.

Чемпионни кутиб олиш маросимига йиғилган ёшу қарининг юз-кўзида юртимиздаги тинч, ёшларга яратиб берилаётган шароитлар натижасида туман ёшлари орасидан ҳам Миразизбек Мирзахалилов каби жаҳон чемпионлари етишиб чиқаётганига шукроналик ҳиси уфуриб турди. Айтилган дил сўзлар, табригу ашъорлар, қўшиғу куйларнинг бош мавзуси ҳам ана шундай хурсандчиликни қамраб олди.

Элёржон Эҳсонов,

“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер