Фарғоналик ўқитувчилар Жанубий Кореяда бўлиб, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашмоқдалар

13:42 28 Январь 2026 Жамият
266 0

Маълумки, кейинги йилларда Фарғона вилояти Жанубий Корея билан тадбиркорлик, қурилиш, олий ва умумий ўрта таълим сингари кўплаб йўналишларда истиқболли ҳамкорлик алоқаларини жадал ривожлантирмоқда.

Хусусан, таълим тизимининг турли йўналишида ўзаро тажриба алмашиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш борасида эришилаётган натижалар эътиборга молик.

Айни кунларда Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда сафарда бўлиб турибди. Сафар режаси кенг қамровли бўлиб, бир қатор таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, кореялик ҳамкасблар билан юзма-юз мулоқотлар олиб бориш кўзда тутилган.

Куни кеча вилоят делегацияси аъзолари Кореянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Жунгбу университетида учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида университетда талабалар учун яратилган замонавий таълим муҳити, ўқув жараёнини ташкил этиш тизими ҳамда инновацион ёндашувлар билан яқиндан танишилди.

Учрашув якунида Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети ҳамда Жанубий Кореядаги Жунгбу университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мунтазам равишда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу университетдаги самимий суҳбат чоғида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг малакасини ошириш, уларни замонавий бошқарув ва таълим методикаларига ўргатиш масалалари юзасидан ҳам музокаралар олиб борилди.

—Бугунги кунда халқаро ҳамкорлик доирасида жаҳоннинг энг илғор ва самарали, шу билан бирга миллий андозаларга уйғун бўлган тажрибаларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда,—дейди Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Одилжон Жалолов.—Хусусан, Япония ва Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар айнан ана шу каби жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер