Фарғонадаги дорихоналарда рейд тадбирлари ўтказилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кейинги кунларда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 МАКС» дори воситаси юртимизда болаларнинг умрига зомин бўлгани ҳақида кўп ёзилди. Бу мавзу жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида “Quramax” дори воситаларининг савдоси тақиқланди.

Фарғона вилоятининг чекка туманларидан бири бўлган Ёзёвонда ОАВ вакиллари ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси мутахассислари иштирокида рейд тадбирлари ўтказилди. Тадбир давомида «Тоҳирбек шифо фарм», «Шаҳбоз-2001» хусусий корхоналари, «Сарвар» хусусий дори-дармон фирмасига қарашли дорихоналар фаолияти ўрганилди.
Маълум бўлишича, дорихоналарда савдоси тўхтатилган дори воситаларининг рўйхати истеъмолчилар кўзи тушадиган жойга илиб қўйилган ҳамда дўкон пештахталаридан йиғиштириб олинган.
— Ҳақиқатан ҳам, тақиқлангангунга қадар ушбу дори воситалари сотувда мавжуд эди, — дейди «Шаҳбоз-2001» хусусий корхонаси сотувчиси Раҳматилло Нурматов. — Юртимизнинг турли ҳудудларида бу дориларнинг болалар ҳаётига зомин бўлганини эшитиб, дарҳол сотуви тўхтатилди ва тегишли жойга топширилди. Қолаверса, туманимизда фаолият кўрсатаётган барча дорихоналар бу дори воситаларининг сотуви вақтида тўхтатилгани сабабли Ёзёвонда заҳарланиш билан боғлиқ ҳолат кузатилмади.
Айни пайтда вилоятдаги барча дорихоналар фаолиятини ўрганиш бўйича мониторинглар давом этмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг