Фарғонада журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди
“Fargonaazot” акциядорлик жамиятида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ташаббуси билан тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган пресс-тур бўлиб ўтди.

Унда республика ОАВ вакиллари ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар қатнашди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Марғилон шаҳрига саёҳат уюштириб, ҳунармандлар маркази, Ёдгорлик мажмуаси, ижодкорлар боғи ва Пир Сиддиқ мажмуасида бўлишди.

Айни пайтда корхонада 30 турдаги минерал ўғит, кимёвий эритмалар, аммиак, нитрат кислотаси, суюқ ва газсимон кислород ва азот, шунингдек 10 дан ортиқ бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, инновацион лойиҳалар асосида маҳаллий хомашё ёрдамида 6 турда маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани эътиборга сазовордир.

— Корхона қошида илмий-инновациялар маркази ташкил этилган,-дейди марказ раҳбари Отабек Мадаминов. — Асосий эътибор кимё саноатининг инновацион ривожини таъминлаш ҳамда тармоқлараро ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий ютуқларни патентлаш ва лицензиялашдан иборат. Марказда замонавий лабораториялар ва тажриба-эксперимент майдончалари фаолият кўрсатяпти.

Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқариш жараёнларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш доирасида умумий қиймати 680 млн. долларга тенг 6 та истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошиб, янги турдаги импорт ўрнини босувчи қўшимча 6 хил кимё маҳсулотлари тайёрланади. Бу 600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини 118 млн. долларга ошириш имконини беради.

Пресс-тур қатнашчилари корхона қошида ташкил этилган “Winchemical” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси иш фаолияти билан танишдилар. Бу ерда 3 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, Марказий Осиё ва ҳамдўстлик мамлакатларида ягона деворбоп декоратив қопламалар ишлаб чиқариш фаолиятига асос солинди. Айни пайтда ушбу маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россияга экспорт қилиняпти.

Таъкидлаш жоизки, корхонада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар самараси сифатида бугунги кунда бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг15 га давлатларига экспорт қилинишига эришилмоқда.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг