Фарғонада ёшлар сайли бўлиб ўтди

06:43 03 Апрель 2023 Жамият
1034 0

Фото: «Халқ сўзи»

Фарғона вилоятида «Ўзбекистон – ёшлар мамлакати» шиори остида навқирон авлод вакиллари сайли ҳамда гала-концерт ўтказилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Тадбирда пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ таниқли санъат ва маданият арбоблари, таълим, илм-фан намояндалари сўзга чиқиб, мамлакатимиз Конституциясига киритилаётган янгиликлар, янгиланаётган Бош қомусимизнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумот беришди.

Фото: «Халқ сўзи»

— Бугунги мулоқот фарғоналик ёшлар муҳим сиёсий жараёнга асло бефарқ эмасликларини кўрсатди, — дейди актёр Расулхон Қодирхонов. — Шу учун ҳам тарғибот тадбири самимий, дўстона кайфиятда ўтмоқда. Йигит-қизлар ўз тақдири, келажаги билан боғлиқ янгилик ва ўзгаришлар жараёнида ҳаётнинг жўшқин оқимидан четда эмасликлари нақадар қувонарлидир.

Фото: «Халқ сўзи»

Ёшлар сайли давомида таниқли санъаткорлар, эстрада хонандаларининг чиқишлари, мушакбозлик барчага унутилмас таассуротларни туҳфа этди.

Фото: «Халқ сўзи»

— Конституция лойиҳасида таълимнинг барча жараёнлари, хусусан, хотин-қизларнинг магистратура босқичида ўқиши, илмий фаолияти ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши қонунан мустаҳкамлаб қўйилаётгани бизни беҳад мамнун этди, — дейди Фарғона давлат университети докторанти, ёш олима, «Келажак бунёдкори» мукофоти соҳибаси Зарнигор Убайдуллаева. — Шу боис, 30 апрель куни ўтказиладиган референдумда барча ёшлари қатори фаол қатнашишни мақсад қилганман.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер