Фарғонада театр томошалари

21:06 17 Декабрь 2021 Жамият
1019 0

Театр санъати инсонни маънавий-руҳий юксакликка етаклайдиган, бадиий дидни тарбиялайдиган ва дунёқарашни чархлайдиган воситалардан бири. Қолаверса, ҳаёт зиддиятларини, ички кечинма ва соф туйғуларни маҳорат билан саҳнада жонлантирган актёрлар ижросидаги спектаклни томоша қилиш асносидаги завқни, маданий ҳордиқ лаҳзаларини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ.

Шу нуқтаи назардан Фарғона вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган режага кўра, вилоятда фаолият кўрсатаётган 5 та театр ижодий жамоалари шу йилнинг тўртинчи чорагида шаҳар-туманларда бўлиб, ўз репертуарларидан жой олган спектаклларни намойиш этмоқда. Вилоят мусиқали драма театри, рус драма театри, қўғирчоқ театри, Қўқон шаҳар мусиқали драма театри ва Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри томонидан саҳналаштирилган саҳна асарлари томошабинларга жуда ҳам манзур бўлаётир.

— Қува, Тошлоқ, Қўштепа, Риштон, Ёзёвон туманлари, Фарғона ва Қувасой шаҳарлари маданият марказларида Саид Аҳмад асари асосида саҳналаштирилган “Уфқ”, Ўзбекистон Қаҳрамони, олтиариқлик машҳур фермер Лолахон Муротова ҳақидаги “Лола ёхуд барханларда унган гул” каби ўндан ортиқ спектакллар намойиш этиляпти, — дейди вилоят мусиқали драма театри актёри, труппа раҳбари Азизбек Темиров.

Вилоят қўғирчоқ театри матбуот котиби Шаҳло Ҳожимаматованинг айтишича, олис ва чекка қишлоқларда Янги йил байрами олдидан жажжи томошабинлар учун қўйилаётган  “Карвонсарой”, “Мусиқали чойхона” сингари спектакллар болажонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Айни кунларда вилоят бўйлаб театр томошалари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер