Фарғонада сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббий буюмлари қўлга туширилди
Фарғона вилоятида сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Учкўприк тумани бўлими томонидан ўтказилган ушбу тадбирда қонунбузарлик фош этилган. Бу ҳақда Департаментнинг матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир чоғида фуқаро С.Х. турли номдаги ва ҳеч қандай тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, 38 турдаги жами 15 минг 360 дона дори воситалари ва тиббий буюмларни умумий 145 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур воситалар қонуний тарзда рўйхатдан ўтказилмаган ва савдога чиқарилиши ман этилган бўлган.
Ўрганишлар натижасида фуқаро С.Х. дори воситалари ва тиббий буюмларнинг муомалага киритилишида белгиланган тартибларни бузгани аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ёки тиббий буюмларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарликни назарда тутади.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутасадди органлар томонидан фармацевтика соҳасидаги қонунбузарликларни бартараф этиш, аҳолининг соғлиғига таҳдид солувчи ноқонуний фаолиятларга қарши курашиш ишлари изчил давом эттириляпти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг