Фарғонада референдум ўтказувчи участка комиссияларининг таркиби тасдиқланди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикасининг Референдумини ўтказувчи 11-Фарғона округ комиссиясининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда округ комиссияси аъзолари ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан Референдум жараёнларини ёритиш бўйича аккредитациядан ўтказилган ОАВ вакиллари қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, комиссиянинг аввалги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида"ги Қонуни 20-моддасига кўра, комиссияга туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан тақдим этилган референдум участкалари бўйича тақдимномалари кўриб чиқилган эди. Шу тариқа округ ҳудудини қамраб олувчи 1209 та референдум участкасини тузиш борасида тегишли қарор қабул қилинганди.
- Бугунги йиғилишда участка комиссияларининг таркибини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди,-дейди Округ комиссияси раиси Эркинжон Нуралиев. - Миллий қонунчилигимизга мувофиқ, референдум участкалари самарали фаолият юритиши учун Халқ депутатлари туман-шаҳар кенгашлари сессияларида комиссия аъзолигига тавсия қилинган номзодлар кўриб чиқилади. Бу жараёнда номзодларнинг ҳамюртларимиз ўртасида обрў-эътиборга эгалиги, сайлов ва референдум ўтказишда етарли тажрибаси борлиги инобатга олинади. Маҳаллий Кенгаш сессияларида участка комиссияси аъзолигига номзодлар муҳокамаси ўтказилгач, тасдиқлаш учун округ комиссиясига тавсия этилади.
Шунингдек, йиғилишда участка комиссиялари иш фаолиятини ташкил этиш, сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва уларни хабардор этиш каби босчиқма-босқич бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ботир Мадиёров
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг