Фарғонада қарийб 9 кг гиёҳвандлик воситалари фош қилинди
Видеодан кадр
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда бир нечта фаол тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» каналида хабар берилди.
Қайд этилишча, шундай тадбирлардан бирида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 22 ёшли фуқаронинг ёни ҳамда яшаш хонадонидан жами 2,99 кг «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, ушбу шахс Тожикистон Республикасидан олиб келинган ажал оғусини Фарғона вилоятида яшовчи мижозларга сотишни режалаштирган.
Бошқа ҳолатда эса Қўштепа туманида вақтинча яшовчи, 41 ёшли Тожикистон фуқароси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 3 нафар муқаддам судланган шериклари билан Тошкент вилоятининг Бўка туманига бориб, йўлнинг қатнов қисми четига тожикистонлик наркосавдогарлар яшириб кетган 1,97 кг «гашиш» моддасини олиб, ортга қайтаётган вақтларида Наманган вилоятининг Поп туманида қўлга олинган.
Маълум бўлишича, улар ушбу заҳри қотилни Фарғона, Марғилон шаҳарлари ҳамда Олтиариқ туманида яшовчи харидорларга сотишни режалаштиришган.
Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 22 ёшли муқаддам судланган шахс ва унинг 21 ёшли турмуш ўртоғи ушланиб, улардан 1,92 кг «гашиш» моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Аниқланишича, ушбу ажал оғуси ҳам Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда 37 ёшли, муқаддам бир неча маротаба судланган шахсга тегишли «Комби» русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Қирғиз Республикасидан келтирилган 966 гр «гашиш» ҳамда 976 гр «опий» моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг