Фарғонада ўтказилган акцияда 500 га яқин фуқаро ўз ҳужжатига эга бўлди

15:40 02 Февраль 2024 Жамият
226 0

Адлия вазирлиги ташаббуси ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” мавзуидаги ҳуқуқий акцияда Фарғона вилояти адлия бошқармаси, туман ва шаҳар адлия бўлимлари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.

Хусусан, Фарғона тумани ФҲДЁ бўлими томонидан ўрганишлар давомида “Шифокор” МФЙда яшовчи Гулҳаё Шамсиддинованинг 2014 ва 2017 йиллари Тошкент шаҳрида туғилган икки нафар фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқолганлиги аниқланди. ФҲДЁ бўлими томонидан керакли барча ишлар бажарилиб, гувоҳномалар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, Олтиариқ туман ФҲДЁ бўлими томонидан “Шарқ” МФЙ ҳудудидаги ўрганишлар мобайнида Муножат Ҳамдамова ҳамда Маҳфират Искандароваларнинг 2004 йил ва 2007 йилда туғилган фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмаганлиги аниқланди. Натижада тегишли ташкилотлар ёрдамида уларнинг маълумотлари жамланиб, суд тартибида туғилганлик фактлари белгиланди ва суднинг қарори асосида уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

— Акция доирасида вилоят бўйлаб 500 га яқин фуқароларнинг кўп йиллик муаммолари ҳал этилиб, уларга керакли ҳужжатлари олиб берилди, — дейди Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Маҳмудов. — Адлия идоралари ходимлари бу каби муҳим ҳаётий жараёнларда янада фаол бўлишни устувор вазифа сифатида белгилаб олишган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер