Фарғонада ноқонуний олиб кирилган алоқа воситалари  савдосига чек қўйилди

15:39 12 Октябр 2022 Жамият
490 0

Фото: Халқ сўзи

Божхона органлари томонидан товар-моддий бойликларини ноқонуний равишда божхона чегаралари орқали мамлакатимизга олиб ўтишга бўлган уринишларга ўз вақтида барҳам берилмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шавкатжон Сотволдиевнинг «Халқ сўзи» мухбирига хабар беришича, бошқарма ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Т. Ш. бошқарувидаги «Мерседес Бенс» русумли автотранспорт воситаси Фарғона тумани ҳудудида тўхтатилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари томонидан белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автотранспорт воситасининг орқа ўриндиғи ортида махсус ясалган хуфия қисмга яширилган, ноқонуний олиб кирилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 515,6 миллион сўмлик уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, Фарғона тумани «Лоғон-Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган А. А. бошқарувидаги «Спарк» русумли автотранспорт воситаси кузатувга олиниб, Фарғона шаҳри ҳудудида тўхтатилди ва белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Автомашина салонида Э.А. га тегишли бўлган, четдан ноқонуний олиб кирилаётган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтмаган 144,2 миллион сўмлик 7 турдаги уяли алоқа воситалари борлиги фош этилди.

Шу тариқа умумий қиймати қарийб 660 миллион сўмлик 8 турдаги 240 дона уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб,тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ботир Мадиёров,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер