Фарғонада “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида халқ сайиллари бўлиб ўтмоқда
Наврўзи олам нафақат табиатнинг гўзал ва бетакрор чиройи, балки инсон қалбидаги энг бокира туйғуларнинг уйғониши билан ҳам ғоятда суюклидир. Шу боис ушбу байрам ҳар йили ўзгача интиқлик билан кутилади, катта хурсандчилик билан нишонланади.
Айни кунларда Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларида давом этаётган байрам тантаналарида ана шундай шукуҳ, файз яққол намоён бўлмоқда. “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда каттаю кичик бирдек иштирок этаётир. Шу тариқа вилоятдаги ҳар бир оила, маҳалла байрам суруридан бирдек баҳраманд бўлишига эришиляпти.

Олтиариқ тумани марказида маҳаллалар, таълим муассасалари, идора ва ташкилотлар томонидан халқ сайли шаклида ташкил этилган кўргазмаларда миллий қадриятларимиз, Наврўзи олам шукуҳи ва таровати, янгиланаётган табиат гўзаллиги акс этди. Ҳунармандчилик ва баҳорий таомлар кўргазмалари, театрлаштирилган томошалар, спорт мусобақалари, китоб ярмаркалари байрам қатнашчиларига кўтаринки кайфият улашди. Олтиариқлик машҳур санъаткорлар, маданият бўлими қошидаги бадиий жамоаларнинг чиқишлари барчани шодон даврага чорлади.
Қўқон шаҳрида халқ сайли давомида Ёшлар боғида жойлашган амфитеатрда концерт дастури ҳам намойиш этилди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги қадрдон куй-қўшиқлар, рақс ва театрлаштирилган томошалар барчага кўтаринки кайфият бахш этиб, баҳор айёми таровати ва шукуҳини янада юксалтирди.

— Ҳар бир шаҳар-туманда бўлиб ўтаётган бу каби байрам дастурларида Наврўз айёмининг мазмун-моҳияти ва фалсафаси, инсон, она замин ва табиат уйғунлиги тамойилларига ўзаро ҳамоҳанг эканлиги кенг тарғиб этиляпти, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Мадиёр Туримов. — Шунингдек, ушбу кунларда кам таъминланган, бемор ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-мурувват кўрсатилмоқда. Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда ўзаро ҳурмат, ғамхўрлик тушунчаларини янада кенг қулоч ёзишида муҳим аҳамиятга эга, албатта.
Айни кунларда вилоят бўйлаб Наврўзи олам байрами тадбирлари давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг