Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Наврўз – асрлар мобайнида халқимизнинг миллий қадриятлари ва эзгу фазилатлари, юксак маънавиятини ўзида мужассам этган қадрли байрамдир. Кўҳна тарихга эга ушбу байрам табиат уйғониши, янгиланиш ва ўзгаришлар тантанаси сифатида ҳам янада суюкли.
Юртимизда жорий йилги Наврўз умумхалқ байрами “Наврўзни улуғлаш, инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида нишонланаётгани замирида ҳам ана шу каби қадриабад қадриятлар мужассам. Фарғона вилоятида ҳам умумхалқ байрами халқ сайиллари, маданий-маърифий тадбирлар, театрлаштирилган бадиий томошалар ҳамда концерт дастурлари тарзида давом этмоқда.
Бугун Фарғона шаҳрида қад ростлаган муҳташам Экошаҳардаги амфитеатрда вилоятнинг асосий театрлаштирилган байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрам тадбири муносабати билан файзли гўша Наврўзга хос миллий нақшлар, гуллар, халқ амалий санъати намуналари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, қадимий удум ва маросимларни акс эттирувчи кўргазмалар билан безатилди.
Байрам тадбирида вилоят фаоллари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда шаҳар-туманлардан таклиф этилган ҳамюртларимиз жам бўлишди. Муаззам хиёбон узра баҳор фасли ва кўклам жозибасини акс эттирувчи қадрдон куйлар жаранг сочиб, байрам иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, барчани яшариш ва янгиланиш айёми билан самимий қутлади.
Таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда элу юртимиз катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Иқтисодиётимиз бозор муносабатларига мос тарзда янгиланди, ижтимоий ҳимоя тизими кенгайтирилди ҳамда барча соҳаларда қонун устуворлиги таъминланмоқда. Бунинг самарасини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва туманлар, маҳаллалар, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий хизматлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Хусусан, жорий йилда Фарғона вилоятида 4,2 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 1мингта 424 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги 4 та шаҳар ва 5 та туман ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилиши кўзда тутилмоқда.
Айни кунларда вилоят марказидан тортиб, энг олис ва чекка ҳудудларда ҳам тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис, ижтимоий соҳаларда кўплаб янги объектлар фойдаланишга топширилаётгани бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар самарасидир. Мисол, учун, шу кунларда Ўзбекистон ва Учкўприк туманида янги қуриб битказилган таълим муассасалари янги авлод ихтиёрига топширилди. Ҳудудларда янги маҳалла биноси, замонавий корхоналар ва муҳташам бино-иншоотлар иш бошлади.
Ўз навбатида вилоят ҳокими 22 март – Маҳалла тизими ходимлари кунига ҳам алоҳида тўхталиб, вилоятдаги 1017 та маҳаллани обод ва кўркам, хавфсиз ва фаровон масканга айлантириш, айни йўналишда Фарғона тажрибасини шакллантириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
Театрлаштирилган байрам дастури доирасида буюк алломаларимиз ўгитлари эсга олинди, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги узилмас ришталар мустаҳкамлиги тараннум этилди. Вилоятда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳиятини намоён этувчи турли саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Мумтоз куй-қўшиқлар, болажонларнинг шўх-шодон чиқишлари, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни акс эттирувчи тароналар, эстрада юлдузлари ижросидаги қадрдон оҳанглар каттаю кичикка хурсандчилик улашди.
—Бу йилги Наврўз шодиёналари ҳар жиҳатдан мароқли ўтмоқда,—дейди Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби директори Нигора Маннопова.—Тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган нуроний отахонлар, ҳаётимиз файзи-фариштаси бўлган онажонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилгани барчамизни беҳад мамнун этди. Бугун ҳар бир қалбда дориламон кунлар шукронаси, яхши ниятлар ва келажак билан боғлиқ юксак орзулар мужассамлигини кўриш нақадар бахт.
Шодон давраларда яйраб рақсга тушаётган йигит-қизлар, юзидан нур ёғилган нуронийларни кўриб, яйраб кетяпман. Юртимиздаги тинч-осойишта ҳаётга асло кўз тегмасин!
Айтиш жоиз, айни кунларда бу каби байрам тадбирлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг