Фарғонада лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Анъанага кўра, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида Лаванда сайли бўлиб ўтмоқда.
Шу йилнинг 20 июнь кунига қадар ўн кун давомида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар доирасида лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, тиббиёт туризми ва мутахассислар кўриги, турли концерт ва шоу дастурлар ташкил этилади.
Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва хориждан келган сайёҳлар шифобахш ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Меҳригиё” кичик корхонаси лаванда боғларининг такрорланмас гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда меҳмонлар махсус рецепт асосида тайёрланган лавандали таомлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлардан баҳраманд бўлишлари, лавандазордаги унутилмас фотосессияларда эсдалик учун суратларга тушишлари мумкин.
— Лаванда фестивали туфайли маҳалламизга юртимизнинг барча ҳудудлари ва дунёнинг кўплаб давлатларидан сайёҳлар келиб, табиат гўзалликлари билан бирга тадбиркорлик, ҳунармандчилик, қандолатчилик соҳасидаги ютуқларимизни алоҳида эътироф этиб кетишмоқда,—дейди Учкўприк туманидаги “Тошкентлигузар” МФЙ раиси Турсунхўжа Акбаров. – Ҳозирда маҳалламиз ҳудудида жойлашган “Меҳригиё” корхонаси тасарруфидаги плантацияларда сайёрамизнинг барча қитъаларидан келтирилган юзлаб турдаги табиий ва доривор гиёҳлар парваришланяпти. Энг ноёб мевали ва манзарали дарахтларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш учун илмий-амалий тажрибалар олиб борилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг