Фарғонада Конституция билимдонлари рағбатлантирилди
Фото: «Халқ сўзи»
Фарғона мусиқали драма театрида сана муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий байрам тадбирида “Сиз Конституцияни биласизми?” мавзусида заковат баҳси ташкил этилди.
Тадбирда “Фарғона вилоятини хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш дастури” ижроси юзасидан Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари ҳамда Қўштепа, Олтиариқ, Қува, Тошлоқ, Ёзёвон ва Фарғона туманларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар сарҳисоб этилди. Мазкур шаҳар-туманларда яшовчи алоҳида эътиборга муҳтож 300 нафар хотин-қиз ҳамда 100 нафар касаба уюшмалари фаоллари иштирокидаги тадбирда қатнашчиларнинг Қомусимиз бўйича билимлари синовдан ўтказилди.

Ғолибларга маҳаллий ва марказий нашрларга 2024-йил учун бир йиллик бепул обуна сертификати ҳамда китоб жамланмалари топширилди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари учун вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган “Зўрдан-зўр” спектакли намойиш этилди.

— Бугун ушбу қонун ҳужжатининг ҳаётимиздаги ўрнини яққол тасаввур этдим, — дейди Олтиариқ тумани “Қапчуғай” МФЙда истиқомат қилувчи Зулфия Ғофурова. — Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини фарзандларим ўқийди, хонадонимиз маърифат нуридан баҳраманд бўлади. Демак, Конституция юртимиздаги ҳар бир оилага, инсонга ана шундай бахтни туҳфа этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг